“Крокус”га ҳужум ташкилотчилари Марказий Осиё мамлакатларида яна бир терактга тайёрланган

Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига уюштирилган террорчилик ҳужуми ташкилотчилари бир вақтнинг ўзида Марказий Осиё мамлакатларидан бирида яна бир терактга тайёрланган, аммо унинг олдини олишга муваффақ бўлинган. Бу ҳақда “Известия” ўз манбаларига таяниб ёзмоқда.

Нашр суҳбатдоши теракт айнан қайси мамлакатда режалаштирилганига аниқлик киритмаган, аммо у тахминан “Крокус Сити Холл”га ҳужум юз берган вақт атрофида юз бериши керак бўлганини таъкидлаган. Манба, шунингдек, Москвадаги терактнинг аввал номаълум бўлган тафсилотларини ҳам келтирган. Унинг айтишича, ҳужум қилган шахслар концерт залини оддий бензин билан ёқиб юборган.

“Крокус”га бориш йўлида улар АЁҚШга кириб ўтиб бензин сотиб олган ва уни пластик бутилкаларга солган. Сўнг ундан залга ўт қўйишда фойдаланган, деди нашр суҳбатдоши.

Унинг қўшимча қилишича, гуруҳ аслида уюшган террорчилик ячейкаси бўлмаган — у қандайдир тузилма доирасида мавжуд бўлмаган, балки терактдан бир неча ҳафта аввал тузилган. Унинг икки иштирокчиси Туркияга борганида кўрсатмалар олган, қолганлар эса Россия ҳудудида ёлланган, деди манба.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.