Аҳолининг яшаш ҳудудларига кириб қолган ёввойи ҳайвонларни ҳимоялаш бўйича лойиҳа муҳокама қилинмоқда

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ёввойи ҳайвонларни табиий яшаш муҳитидан ўзга муҳитга тушиб қолганда ҳимоя қилиш, қутқариш ва жонсизлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳа Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Унда айтилишича, сўнгги вақтларда ёввойи ҳайвонларнинг аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудларга турли сабаблар билан келиб қолиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Бунинг оқибатида ёввойи ҳайвонлар томонидан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда мол-мулкига, ёввойи ҳайвонларнинг ҳаётига ҳам зарар етказилиши хавфи ортиб, уларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.

Мисол тариқасида 2024 йил 15 май куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги «Жаннатмакон» МФЙ ҳудудига келиб қолган айиқ ИИБ ходимига жароҳат етказгани, мактабга кириб, ўқувчилар ҳаётига хавф солгани учун отиб ўлдирилгани келтирилган.

«Бу каби ҳолатларнинг таҳлили, ёввойи ҳайвонларни табиий яшаш муҳитидан ўзга муҳитига тушиб қолганда, аҳоли пунктларига кириб қолганда уларни ҳимоя қилиш ва қутқариш, ветеринария ёрдами кўрсатиш ҳамда ёввойи ҳайвонлардан фуқароларнинг соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказилишининг олдини олиш борасида давлат органлари ходимларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш, шунингдек, бу каби ҳолатларда фуқароларнинг ўзларини қандай тутишлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқилишини тоқазо этмоқда», — дейилади лойиҳа таҳлилида.

Мазкур лойиҳа муҳокамаси 27 июнга қадар давом этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.