2024 йилда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда – Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

2024 йилда электр ишлаб чиқаришда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда. Лекин, эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд имкониятлар барча ҳудудларда ҳам тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди, деб ёзяпти Президент матбуот хизмати.

Йиғилишда бу борада 2024 йил учун дастлабки режалар етарли эмаслиги қайд этилган. Мутасаддиларга ўтган йилдан сабоқ чиқариб, бу йўналишда икки карра кўп ишлаши ва аниқ натижа кўрсатиши кераклиги таъкидланган.

“Президент жорий йилдан бошлаб йирик “яшил энергия” қувватларини барпо этиш бўйича уч йиллик дастурни амалга оширишга ўтилишини таъкидлади. Сабаби, энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун янги қувватларга мос тармоқларни қуриш, электр сақлаш қурилмаларини ўрнатиш, зарур материалларни ишлаб чиқаришни режа қилиб, ҳозирдан бошлаш керак”, – дейилади хабарда.

Шунинг учун аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиқиб, келгуси уч йилда 8 гигаваттли 28 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, 944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанцияни қуриш, жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қувватларини ўрнатиш мўлжал қилиб олингани қайд этилган йиғилишда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.