Yashil Makon лойиҳаси доирасида 2 млн дан ортиқ экилмаган кўчат экилган сифатида кўрсатилгани маълум бўлди

Источник: Олий Мажлис

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Yashil Makon лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни мониторинг қилиш давомида юзага келган ҳуқуқбузарликлар ва экилмаган кўчатларни экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзиш ҳолатлари бўлганини таъкидлади. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.

«Навоий вилоятида 959 минг, Тошкент вилоятида 564 минг, Фарғона вилоятида 465 минг, Қашқадарё вилоятида 227 минг туп экилмаган дарахт кўчатлари ҳисоботга «экилди» деб қўшиб ёзилгани аниқланган. Бундан ташқари, 1,8 млн туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар умуман белгиланмагани ошкор бўлди», – деди вазир.

Энг ачинарли аҳвол – Фарғона вилоятида. У ерда 415 минг туп дарахтга умуман, ҳеч қандай масъул белгиланмаган. Тошкент вилоятида 355 мингта, Сурхондарёда 331 мингта, Бухорода 146 мингта, Қорақалпоғистонда 36 мингта экилган дарахтлар эътиборсиз қолдирилган.

Шунингдек, суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга 7,3 миллион туп кўчатлар экилгани ҳам аниқланган.

“Бу, жуда кўп кўчатлар парваришлаш ва дарахтга айлантиришнинг иложи бўлмаган жойларга экилаётганини билдиради. Масалан, Навоий вилоятида шу тарзда 3 миллион, Тошкент вилоятида 2 миллион, Сурхондарёда 404 минг, Хоразмда 338 минг, Қашқадарёда 336 минг туп дарахт экилган”, — деди у.

Шунингдек, ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига қарамай, дарахт ва буталарни тартибсиз экиш ҳолатлари аниқланган.

“Масалан, жанубий вилоятларда ўсадиган буталар шимолий ҳудудларда ёки аксинча, шимолда ўсадиган ўсимликлар жанубда экилган”, – дейди вазир.

Хусусан, 2022 йилда Сирдарё вилоятидан ўтувчи М-39 автомобиль йўли бўйлаб 3 минг 530 туп дарахт кўчатлари экилганди. Шундан 3210 туп Элдор қарағайи, 520 туп терак кўчати қуриб қолган.

«Экилган кўчатларни суғориш ва парваришлаш чораларини кўриш юзасидан масъулларга нисбатан 10 961 та мажбурий кўрсатмалар берилиб, кўрсатма талабларини бажармаган 753 та ҳуқуқбузарларга 1 млрд 156 млн сўм маъмурий жарималар қўлланилган», – деди Азиз Абдуҳакимов.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.