Ер майдонларини ноқонуний пулламоқчи бўлганлар фош этилди
Фарғона вилоятида тезкор ўтказилган тадбирлар натижасида, Қува туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс 2020 йилда туман ҳокимининг қарори асосида, ўзининг қариндошига “Ёшлар меҳнат гузари” бино-иншоотлари қуриш учун ижара ҳуқуқи асосида берилган 15 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Учкўприк туманида яшовчи шахс 2016 йилда ўзининг ўғли номига ташкил этилган боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликка туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан сабзавотчилик-боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ижара ҳуқуқи асосида қўшимча равишда ажратиб берилган 10 гектар ер майдонини харидорга 30 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 20 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.
«Тошлоқ туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс эса туман ҳокимининг 2017 йилдаги қарори билан ўз акасига иссиқхона ва боғдорчилик учун фойдаланишга берилган 30 сотих ер майдонидан 12 сотихини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 19,2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди», – дейилади хабарда.
Риштонлик шахс давлат захирасидаги 12 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидорга олиб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари сўраб, олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар