Наманганда археологлар ноёб ерости йўлларини топди
Наманган вилоятининг Ахсикент археология ёдгорлигида олиб борилаётган изланишлар давомида археологлар кенглиги 2,3 метрлик зинапояга дуч келди, деб хабар бермоқда Маданий мерос агентлиги.
Ер туби томон 4 метр қазилганда сирли йўлакнинг бус-бутун аркаларига дуч келинган. Бу ердан 10 минг кубометр тупроқ чиқарилгач, йўлакнинг 12 поғонаси ҳам очилган. Айнан шу нуқтадан 7 метр шарқда қадимшунослар яна иккита ноёб ерости йўлларига дуч келишди. Тахминларга кўра, ҳар икки аркасимон йўлак дастлабки топилган катта йўлга боғланади. Қизиқарли томони барча йўлаклар бутун, аркасимон ҳолда метро услубида нафислик билан пишиқ ғиштдан қурилган. Ҳозирда итальянча дея таърифланган раковина, ерости, пол ости иситиш тизими, нафис сопол қувурлари билан бутун ҳолатда топилган қўл ювиш воситалари ҳам айнан шу обектдан 2024 йилги қазув ишлари давомида топилган.
Ҳозирда ёдгорликни музейлаштирилаётган қисмлар қуйидагилардан иборат:
- ХVIII қазув обекти – Х-ХII асрларда фаолият юритган ерости сув иншоотининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг ХIII асрнинг бошларига оид хоразмшохлар даврида қурилган мудофаа девори ва тураржой қолдиқлари;
- ХI қазув объекти – ХI-ХII асрларга оид пишиқ ғиштдан қурилган гумбазли тагхона ва маҳобатли тураржой қолдиқлари, Фарғона водийсида илк бор топилган қорахонийлар даври деворий расм намуналари ҳамда юқорида қайд этилган ерости иншоотлари ва нодир қурилмалар мавжуд;
- ХIХ қазув объекти – шаҳарнинг эрамиздан аввалги III-I асрларда қурилган маҳобатли мудофаа деворлари ва ерости сув йўли;
- ХХIV қазув объекти – ХI-ХII асрларга оид маҳобатли тураржой қолдиқлари аниқланган.
Маълумотларга кўра, тез орада мажмуанинг 100 гектарга яқин қисми бутун сақланган ёдгорлик ва ундаги сўнгги топилмалар ҳақида “National Geohraphic” ҳужжатли фильм суратга олади.
Шарҳлар