“Йил аёли” миллий танлови ғолиби автомобиль билан тақдирланади
АОКАда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида брифинг ўтказилди.
Кейинги йилларда мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг интеллектуал, маънавий ва касбий юксалиши, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, ташкилот, муассасаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ҳамда уй бекалари учун “Йил аёли” миллий танловини эълон қилади.
Танлов орқали мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат, ўзи фаолият кўрсатаётган соҳа нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган. Танлов уч босқичда ўтказилади.
Танловда 35 ёшдан юқори бўлган, ўзи фаолият кўрсатаётган ташкилот нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган ҳамда йўналиши бўйича фаолият билан камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган хотин-қизлар ҳамда уй бекалари иштирок этиши мумкин.
1, 2 ва 3-ўрин совриндорлари ҳамда “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг яхши уй бекаси” каби 11 та номинация бўйича ғолиблар аниқланади.
Танловнинг Республика босқичида олий ўрин – Гран прини қўлга киритган иштирокчи олий даражадаги диплом, статуэтка ва Президент совғаси – автомобиль билан мукофотланади.
Биринчи ўринни олган иштирокчи I даражали диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти билан, иккинчи ўринни олган иштирокчи II даражали диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида пул мукофоти билан ҳамда учинчи ўринни олган иштирокчи III даражали диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Шарҳлар