V – VII асрларга тегишли ёдгорлик ўрнига молхона қурилган

Фото: Бош прокуратура

Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган назорат тадбирларида Сурхондарё вилояти Денов туманидаги V – VII асрларга оид Каттатепа археологик ёдгорлиги 876 м3 майдони фуқаро З.Ҳ. ва бошқалар томонидан молхона қуриш учун бузиб юборилиб, ёдгорликка 23,3 млрд. сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган.

«Навоий вилоятидаги Оқтепа-1 археология ёдгорлигининг 193 м3 тупроғи 3 нафар фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ковлаб олиниши оқибатида ёдгорликка 2,6 млрд. сўмлик, Бадахшонтепа археология ёдгорлигининг 164 м3 ҳудуди экин майдонига айлантирилганлиги натижасида 2,3 млрд. сўмлик ва Ёмонқиёттепа ёдгорлигининг 12 м3 майдони ковлаб олингани натижасида 163 млн. сўмлик зарар етказилган», – дейилади хабарда.

Наманган вилояти Уйчи туманида эса ўрта асрларга оид Толмозортепа археология ёдгорлигининг 0,48 гектар қисми фуқаро А.К. томонидан техника ёрдамида текисланиб, ёдгорликка 871 млн. сўмлик зарар етказилган.

Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жиноий қилмишлар қонунчиликка асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.