ЙПХ ходими «Damas» автомобили ғилдираклари остида қолиб кетди

Фото: ЙҲХБ матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати расмий муносабат берди.

«Бугун, 2024 йил 31 январь куни соат 16:35ларда Қашқадарё вилояти, Китоб тумани ҳудудидан ўтувчи «Китоб-Шаҳрисабз» автомобиль йўлининг 3-километрида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХ ходими Н.Мусинов давлат рақам белгиси бўлмаган «Damas» автомобили ҳайдовчисининг меъёрий ҳужжатларини текшириш мақсадида «тўхташ» ҳақидаги ишорани берган вақтда, ҳайдовчи тўхтамасдан  транспорт воситасини ходимнинг устига бошқариб юборган», – дейилади хабарда.

Атрофда бўлган фуқаролар ёрдамида автомобиль остидан олиб чиқилган ЙПХ ходими Н.Мусинов шифохонага олиб борилган. Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган дастлабки маълумотга кўра Н.Мусиновда «боши, юзи, қўли ва оёқларида шилинган, қирилган жарохатлар» борлиги маълум қилинган.

Ҳолат юзасидан Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.