Фарғонада инсонлар ўлими билан якунланган ЙТҲ ортидан ҳайдовчи қамоққа олинган
Ижтимоий тармоқларда Данғарада содир бўлган ЙТҲ ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Фарғона вилояти ИИБ ЙХҲ бошқармаси қуйидагиларни маълум қилган.
«2024 йил 20 февраль куни фуқаро Ш.В. Cobalt русумли автомашинани «Қўқон-Мулкобод-Гулбоғ Пунган” автомобиль йўлининг Данғара туманидан ўтган қисмида бошқариб кетаётиб, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг четида ҳаракатланиб кетаётган 5 нафар пиёдачиларни уриб юбориб, йўл-улов ҳодисаси содир этган ва ҳодиса жойидан яширинган. Оқибатда фуқаролар Ў.И. ва К.И.лар ҳодиса жойида вафот этган», – дейилади хабарда.
Д.И., Ў.Ё. ҳамда Ш.Ж.лар турли даражада тан жароҳат олишиб, шифохонага ётқизилган. Бироқ, малакали тиббий ёрдамга қарамасдан Д.И. ва Ў.Ё.лар олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖК нинг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир этган Ш.В.га нисбатан «Қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар