Янгиободнинг собиқ «замҳокими» 10 йилга қамалди
2023 йилнинг май ойида фуқаро (Қ.М.) Жиззах вилояти Янгиобод тумани ҳокимининг в.б. ўринбосари (Қ.Р.) билан тил бириктириб, «Ангрен Машал Сервис» МЧЖ раҳбарига (У.Т.) шамол электр станциялари қуриш учун 200 гектар ер майдонини олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 200 минг АҚШ доллари талаб қилган эди.
«Қ.М. келишилган сумманинг ярмини (юз минг доллар) олган вақтида ушланган. Тадбир давомида зам ҳоким ҳам қўлга олинган эди», – дейилади хабарда.
Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди ушбу “уддабуронлар”нинг қилмишлари бўйича ҳукм эълон қилганини ёзмоқда.
«Суд, мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, Қ. М.га (ЖКнинг 25,168 моддаси 4-қисми, 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57, 59,61-моддаларига асосан) базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари (132.000.000 сўм) миқдорида жарима ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиши жазоси, Қ.Р.га эса (ЖКнинг 25,168 моддаси 4-қисми, 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан 45, 59,61-моддаларига асосан, 3 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона-муассасалардаги мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда) базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари (132.000.000 сўм) миқдорида жарима ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиши жазосини тайинлади», – дейилган хабарда.
Алдов ва фириб йўли билан топилган бойлик Қ.М. ва Қ.Р.га буюрмади, улар озми-кўпми эл-юрт олдида топган-обрўсини тушириб, ҳаётларининг муайян қисмини оиласи ва фарзандларидан узоқда, панжара остида ўтайдиган бўлди.
Шарҳлар