Чекка ҳудудларда IT-шаҳарчалар ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёевга мамлакатда рақамли технологияларни ривожлантириш, бу соҳада ёшларни ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди.
Давлат раҳбари бу ҳақда ўтган йили 20 декабрь куни Рақамли технологиялар вазирлигига ташрифи чоғида топшириқ берган эди.
2017 йилда мамлакатда IT компаниялар сони 147 та ташкил этган. Бугунги кунда эса 2 мингга яқинлашди. Уларда 30 минг ходим юқори даромадли иш билан банд. 70 мингдан зиёд ёшлар IT билан мустақил шуғулланаяпти.
Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида соҳадаги хизматлар ҳажми 20 фоиз ўсди, 200 миллион долларлик экспорт қилинди, 5 мингта иш ўрни яратилган. Лекин, ҳудудлар кесимида қараганда, IT хизматлари ва экспортининг асосий улуши Тошкент шаҳрига тўғри келади. Мутахассисларнинг 80 фоизи шу ерда яшайди. Шу боис, бу соҳани чекка ҳудудларда ҳам ривожлантириш мақсадида, IT-шаҳарчалар ташкил этиш режалаштирилган.
Лойиҳага кўра, бундай масканлар дастлаб 15 та ҳудудда – Чимбой, Ғиждувон, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш, Хатирчи, Поп, Шаҳрисабз, Қўшработ, Сариосиё, Сирдарё, Паркент, Тошлоқ ва Тупроққалъа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида ташкил қилинади. Уларда йилига 10 мингга яқин ёшлар IT, чет тили ва бошқа замонавий касблар бўйича бепул ўқитилади.
Президент шаҳарчалар ёшлар учун қулай жойда бўлиши, уларда юқори малакали мутахассислар дарс бериши зарурлигини таъкидлаган.
«Шиддат билан ўзгараётган даврда ҳамма соҳага ахборот технологияларини биладиган кадрлар керак. Бу соҳада хизматлар учун ҳам, экспорт учун ҳам энг асосий ресурс бу – малакали мутахассислар. IT-шаҳарчалар бу йўлда ёшларга қанот бўладиган, замонавий касбларга ўргатадиган тизим бўлиши керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Шарҳлар