Доғистонда “заправка” портлаши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди
Доғистон пойтахти Махачқалъа чеккасидаги автомобилга ёнилғи қуйиш стансияси портлаб кетиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда “Коммерсантъ”. Яна 11 киши жабрланди. Доғистонда 28 сентябрь портлаш қурбонлари хотирасига мотам куни деб эълон қилинди.
Ҳодиса 27 сентябрь куни кечқурун Новий Хушет қишлоғида юз берган. Портлаш натижасида ёнғин чиққан. Ёнилғи қуйиш станцияси тўлиқ вайрон бўлган. Карабудахкент туманида фавқулодда вазият эълон қилинган. Воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Доғистон энергетика вазирлиги ҳудуддаги “заправка”ларда текширув олиб бориб, саноат хавфсизлиги талаблари бузилиши билан боғлиқ 4,5 мингдан ортиқ ҳолатларни аниқлади. Прокуратура станциялар ишини тўхтатиб қўйиш ҳақида судга 149 да даъво аризаси ва маъмурий қоидабузарликлар ҳақида иш қўзғатиш бўйича 166 та қарорни тақдим этди.
Шарҳлар