“Ўзархив” агентлиги тизимида қандай ўзгаришлар бор
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “2022 йил давомида “Ўзархив” агентлиги тизимида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ташкилланди.
“Ўзбекистон Республикасида архив ишини ривожлантиришнинг 2022 йилга мўлжалланган режаси 21 та кўрсаткичлар бўйича давлат архивлари томонидан бажарилди. Хусусан: “Ўзархив” агентлиги тизимида 2022 йил давомида жами 6 та бино, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл тумани давлат архиви, Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани давлат архиви, Навоий вилояти давлат архиви, Зарафшон шаҳар давлат архиви, Сирдарё вилояти давлат архиви, Фарғона вилояти Сўх тумани давлат архиви фойдаланишга топширилди”, – дейди “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов.
Матбуот анжуманида маълум қилишларича, ҳозирда, миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон нусхасини яратиш ишлари бўйича 189 810 сақлов бирлигидаги қоғоз асосидаги 15 999 368 кадр , 348 сақлов бирлигидаги кино, 22 628 ҳисоб бирлигидаги сурат, 456 сақлов бирлигидаги овозли ҳужжатларнинг электрон нусхалари яратилган.
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича “Архив иши” ягона ахборот тизими (my.archive.uz), “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизими (e.archive.uz) ишга туширилганлиги эътироф этилди.
“Корхона ва ташкилотларда архив иши ва иш юритиш бўйича услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича 947 та ялпи ўрганиш, 528 та мавзули ўрганиш ишлари олиб борилди. Корхона ва ташкилотлар учун соҳага оид ички норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича жами 1 659 та идоравий ҳужжатлар, шундан 616 та йиғмажилдлар номенклатураси, 242 та иш юритиш йўриқномаси, 409 та Марказий эксперт комиссияси ва Эксперт комиссияси низомлари, 392 та идоравий архив низомлари ишлаб чиқилди”, – дейди “Ўзархив” агентлиги матбуот хизмати раҳбари Анвар Алиев.
“Ўзархив” агентлиги ва ҳудудий бошқармалар томонидан ташкилотлар ҳамда корхоналарда архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича 2022 йил давомида 290 та назорат текширувлари ўтказилиб, 218 та тақдимномалар киритилган, 11 та маъмурий баённома расмийлаштирилган, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 4 та материал юборилганлиги айтиб ўтилди.
Ўзбекистон миллий архивида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) бўлган архив ҳужжатларидан 10 та фонддан жами 56 та йиғмажилд ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилганлиги муҳим аҳамиятли жараён бўлганлиги эътироф этилди.
Халқаро ҳамкорликда ҳар йили бир қанча ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланмоқда, -дейди “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов.
“Жумладан, 2022 йилда Яд Вашем, Холокост қурбонлари ва қаҳрамонларини хотирлаш бошқармаси, Польша Республикаси Миллий хотира институти, Беларус Республикаси Адлия вазирлиги Архивлар ва иш юритиш департаменти, Қирғизистон Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлиги билан архив иши ва иш юритиш соҳасида Англашув меморандумлари, шунингдек, Озарбайжон Республикаси Миллий архив бошқармаси билан битим имзоланган”.
Шунингдек, республика давлат архивларига жами жисмоний ва юридик шахслардан 2 185 та мурожаатлар келиб тушди ҳамда ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди, шундан 1 077 та мурожаат қаноатлантирилди, 918 тасига тушунтириш берилди, 191 таси тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотга юборилганлиги айтиб ўтилди.
Брифингда масъуллар томонидан журналистлар саволларига жавоблар берилди.
Шарҳлар