«Ўзатом»: Ўзбекистонда АЭС қурилишига тайёргарлик якунланиш босқичига етди
Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар тасдиқланган жадвалга мувофиқ давом этмоқда ва якуний босқичда. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлигининг ядро энергетикаси ва ядро технологиялари бошқармаси бошлиғи Қосим Тўхтахунов маълум қилди, деб ёзади “Фергана” нашри.
«Бизда жадвал, тасдиқланган «йўл харитаси» бор, бу борада ҳеч қандай ортда қолиш йўқ, яъни жадвал асосида ҳаракат қиляпмиз. Шуни тушуниш керакки, объект жуда жиддий ва тайёргарлик ишлари етарлича юқори жиддий даражада ва катта ҳажмда бўлиши керак. Бугунги кунга келиб, бу ишлар деярли якунланиш босқичида», — деди Тўхтахунов.
Унинг тушунтиришича, лойиҳани амалга ошириш жараёнида бошиданоқ Ўзбекистоннинг ўзига хос шароитлари инобатга олинган: «Бизда кескин континентал иқлим мавжуд, яқин 30-40-50 йил ичида бизда сув ресурслари танқислиги кутилмоқда, буни ҳам ҳисобга олиш керак эди».
«Ўзатом» вакили атом энергетикаси ҳар қандай иссиқлик энергетикаси каби буғ турбиналари конденсаторларини совутиш учун катта миқдорда сув сарфланишини, шунинг учун турбиналар зали масалаларини маҳаллий шароитга мослаштириш зарурлигини таъкидлади.
«Ўзатом» АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, 20 июнь куни Тошкент шаҳрида «АЭС қурилиш майдончасида хавфсизликни баҳолаш ва Ўзбекистонда янги ядровий қурилмани жойлаштириш дастурини кўриб чиқиш» SEED миссиясига тайёргарлик бўйича беш кунлик ўқув семинари бошланди. Семинар МАГАТЭ ва Ўзбекистон ўртасидаги келишув асосида ўтказилмоқда. У қуйидаги мавзуларни муҳокама қилади ва ўрганади: мамлакатда атом энергетикаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг салоҳиятини ошириш; ядро технологиялари жойлашган ҳудудлар хавфсизлиги; объектларда ядро технологияларини жойлаштиришнинг техник жиҳатлари ва уни баҳолаш; жамоавий амалиёт учун кўрсатмалар ва хавфсизлик ҳисоботларини таҳлил қилишга тайёргарлик; ядро технологияларини жойлаштиришнинг халқаро нормалари ва қоидалари ва уларнинг хусусиятлари.
Шарҳлар