«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти Туркманистонда автомобиллар йиғишни йўлга қўяди

Источник: uzavtosanoat.uz

4 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркманистон форуми доирасида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Туркменистан-Моторс» ОАЖ Туркманистон ҳудудида автомобиль, қишлоқ хўжалиги ва тиркама ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш ниятлари тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Меморандум доирасида «Туркменистан-Моторс» ОАЖнинг ишлаб чиқариш объектларида “UzAuto Motors” АЖ автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича келишув тузиш режалаштирилган. Бу йўналишдаги ҳамкорлик Туркманистонда автомобиль компонентларини ишлаб чиқаришни ва экспорт бозорларига сотишни ташкил қилишни ҳам назарда тутади.

«Газета.uz» нашрининг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратовга таянган ҳолда аниқлик киритишича, сўз йилига 5 мингта автомобиль ишлаб чиқариш ҳақида кетаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳанинг инвестициялар ҳажми 10 млн долларни ташкил қилади.

Бундан ташқари, томонлар «Ўзавтосаноат» АЖ тизимига кирувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган бошқа транспорт воситалари (пикаплар, юк машиналари ва автобуслар), қишлоқ хўжалиги ва тиркама ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида ҳам келишувга эришган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.