Bo'limsiz

«Ўзбек киносини биласизми?» Замонавий ўзбек киносида мавзу ва жанрлар

Фото: Anhor.uz

Anhor.uz кузатувчиларига кино саводхонлиги, унинг медиа ва ахборот саводхонлиги маконида тутган ўрнини англаб етиш учун ўзбек киносининг мавзу ва жанрлари ҳусусида сўз юритади. Бугунги суҳбатдошимиз, режиссёр, актёр, кино соҳасида 16 йиллик тажриба ва ўз мактабига эга, “ДилШоҳ” киностудиаси Бош режиссёри Дилмурод Масаидов. Ҳуш келибсиз.
Дилмурод Масаидов ўз томошабинларига, “Геолог”, “Аёл қисмати”, “Қўқон шамоли” каби тариҳий, бадиий кинокартиналари ва “Судья” кўп қисимли телесериали орқали жуда яхши танилиб улгирган ижодкор.

Б.Каримов: Дилмурод ака, нима деб ўйлайсиз бугунги ўзбек киносида мавзу ва жанрлар бир бирига қай даражада мутаносиб бўлмоқда?

Д.Масаидов: Мавзулар мутаносиблиги, биламиз мусиқада, умуман дунёда еттитагина нота бор. Анашу ноталар турлича айланиб чиқади ва мусиқа пайдо бўлиб, гўзал янграшни бошлайди. Буни инкор қилиб бўлмайди. Айнан фильмлар, видеомаҳсулотларга келадиган бўлсак, ҳозирги кунда жуда бир бирига ўхшаш ва такрорловчи сюжетга эга ижод наъмуналари, айниқса ТВ каналларда сал кўпайгандек. Масалан, Турк, Корейс ва ҳинд кино ижодкорларининг маҳсулотларидан илҳомланиб уларнинг ижодидаги асарларга ўхшаш сериаллар ва кинолар теле экранларимизда сал кўпайиб қолди, мени назаримда. Лекин, мен ҳамма учун жавоб бера олмайман. Лекин ижод ва мавзунинг хилма хиллиги ижодкорнинг нуқтаи назаридан ҳам келиб чиқади. Албатта, ижодкор нимага қизиқса, ниманидир яхши кўрса ёки салбий томонини кашф этса, шуни ҳам кўрсатмоқчи бўлади. Буни эса, қиладиган ишига таъсири бўлади. Мен ўйлайман, ҳилма хиллик йўқ деб бўлмайди, ҳозирги кино маҳсулотларимизда жуда ҳилма хиллик кўп. Чунки, бугунги ёш ижодкорлар мистик жанрда ҳам ўз имкониятларини синашга интилишмоқда. Албатта, бу ҳурсанд бўларлик жараён ва буни ҳам ўзига яраша муҳлислари бор. Энг кўп тарқалгани эса, романтик жанрдаги фильмларимиз ва сериалларни ҳам тилга олиб ўтсак бўлади. Сўнгги йилларда яратилаётган медиамаҳсулотларни кузатсангиз, “ҳаммаси ҳам пичоққа илинадиган эмас” назаримда. Бироқ, томошабинларимиз шуларни ҳам қизиқиш билан кўришяпти.

Бизни томошабинлар орасида фикр билдирадиган, кўрган нарсаси қандайлиги тўғрисида мулоҳаза қолдирадиган томошабин қатлами жуда кам деб ўйлайман. Бор, уларни йўқ деб бўлмайди, фоизда олсак, уларнинг фоизи жуда кам. Улар фикр қолдирганда ҳам жўйали, танқидий, таҳлилий фикрлар қолдиришдан ийманишади. Нега мавзуларда бирхиллик деган савол эса, томошабинларнинг “ҲА” ёки “ЙЎҚ”, “Ёқди” ва “Ёқмади” каби жавобларидан эса аниқ ҳулосага келиш мушкил бўлиб қолади. Чунки, кимгадир маиший йўналиш ёқса, кимгадир тариҳий-бадиий маҳсулотлар ёқади.

Б.Каримов: Раҳмат, умуман ўзбек киносида турли йўналиш, мавзу ва жанрларда ҳужжатли фильмлар ҳам, кўнгилочар, тариҳий-бадиий фильмлар ҳам тасвирга олинмоқда. Ижодкорларимиз асосан қандай мавзуларга қўл уришмоқда ва бугунги кун талаби ўзи аслида қандай?

Д.Масаидов: Биласизми, агар мен ўзимнинг ижодимдан келиб чиқадиган бўлсам, айнан қайсидир мавзуга қўл ураман дейиш жуда қийин. Чунки бу ижод. Мана “Аёл қисмати” фильмим ижтимоий драма, “Қўқон шамоли” тариҳий, “Геолог” картинамизда яқин ўтмишга саёҳат қилганмиз. Бу ҳам бир саргузашт. Уни бемалол, драматик услубдаги саргузашт фильм десак бўлаверади. Бутун дунё мисолида оладиган бўлсак, романтик жанрдаги фильмлар, асарлар жуда кўп. Севги, унинг ортидан келиб чиқадиган можароларга боғланган фильмлар жуда кўп. Бизда ҳам мен мана шундай деб ўйлайман. Лекин, айнан ўзбек киносини ҳозирги кундаги ҳолатига эътибор қаратилса бизда жуда бу қадар романтикага ўтиб кетилмаган ҳали. Чунки, сўнгги 5 йилда бемалол айтсак бўлади тарихий мавзуларга тез-тез қўл уриляпти. Мен ўйлайман, бу йўналиш жуда керак ва зарур. Ўртадаги 20-25 йиллик давр мобайнида тарихий фильмлар ҳақида бош қотирмадик ва бу мавзуларда ижод қилинмаган эди. Мени фикримча эса, ҳозирги кунда “мевали” ижод маҳсуллари яратилмоқда. Томошабинлар ҳам яхши қабул қиляпти.

Дилмурод Масаидовнинг шахсий архивидан

Б.Каримов: Дилмурод ака, ўзингиздан келиб чиқиб ҳозир маълумотларни тақдим этяпси. Умуман, Ўзбекистонда саноқли эмас, жуда ҳам кўп режиссёрлар фаолият олиб боришади. Ҳар бирини ўзига яраша йўналиши бор. Ҳамкасбларингиз орасида кўпроқ томошабинлар эътиборини тортадиган мавзуларда ва жанрлардаги фильмларни яратаётган режиссёрлар сифатида кимларни айта оласиз?

Д.Масаидов. Муҳлисига эга бўлган режиссёрларимиз жуда талай. Булардан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфиқор Мусоқов. Халқимиз Мусоқов фильм қилибди деса жон-жон деб томоша қилади. Мусоқов фильмларидаги қаҳрамонларни томошабинлари “Савиш”га ҳам улгиришадилар. Жаҳонгир Қосимовни “Шайтанат” картинаси, “Чангак” видео фильми орқали билишади. Тўғри уни шахсини кўрмаган бўлишлари мумкин, яратган ижодини томошабини бор, улар учун қадрли бу жараёнлар. Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов, Жаҳонгир Аҳмедовэнди агар санасак хозир улар жуда ҳам кўп, ҳаммасини санаб, номма -ном айтишга вақтимиз чегараланган. Уларнинг яратган қильмларини ҳар бирини ижодида халқчиллик бор. Руста Саъдиев ижодида ўзбек киносини яхши кўрадиган, севиб томоша қиладиган томошабин уни “Муҳаббат синовлари”, “Барон”, “Сотқин” ва бошқа қатор киноасарларини томошабиннинг ўзи санаб беради. Бундай халқчил фильм қиладиган режиссёрларимиз талай.

Б.Каримов: “Марказий Осий киносанъати” деган тушунча аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам. Айни паллада бу қамров бироз жонлангандек ва кўзга ташланмоқда. Унда тарихий-бадиий, кўнгилочар ва ҳужжатли фильмлар йўналишида. Қўшни мамлакатлар фильмлари билан солиштирганда ўзбек киносидаги ютуқлар нимада, камчиликлари нималарда намоён бўлмоқда?

Д.Масаидов: Албатта солиштирув бўлади. Ўрта Осиё, Марказий Осиё, Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар фильмларида ўзига ҳос одимлаган жиҳатлари бор. Айрим мавзуларда эса оқсаётган. Тан олиб айтиш керак, Ўрта Осиёда Қозоқфильм кино ижодкорларининг фильмларини қолган республикаларга нисбатан бюджет, техникалар, актёрлар алмашинуви, хориждан артистлар жалб қилиш жиҳатдан озроқ олдинги ўринга чиқиб олишган, ҳозирги кунда. Бу дегани, ўзбек киноси орқада дегани эмас. Оҳирги йилларда қилинаётган ишлар, ўзбек кино санъатида ҳам олдинга катта силжишни кўрсатмоқда. Дунё аренасидан олиб қаралганда, Ўрта Осиёнинг ўзидагина эмас, жаҳон саҳналарида ҳам ўзбек киноси ўз сўзи ва ўрнига эга эканини намён этиб келмоқда. Ўрта осиёда эса кино санъатида ҳамкорлик яхши йўлга қўйиб олинган. Қўшни мамлакатлар фильмлари бизда, бизнинг ижод наъмуналаримиз эса уларнинг катта кинотеатрларида муваффаққиятли намойиш этилмоқда. Ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман ёш ижодкорлари бир биридан беҳабар. Ёшларимиз орасида ҳамкорлик аста шакилланяпти. Биз биламиз, қўшниларимиз ва бизда аввалги даврда яратилиб, классикага айланган фильмларимиз бор. Булар “Рустами Сухроб”, “Чингиз Айтматов”, “Келин”, “Келинлар қўзғолони” каби дурдона фильмлар. Ўша фильмлар биз хохласак ҳам хохламасак ҳам ҳаёлимиздан ўтади. Замонавий фильмлар эса ҳаёлимизга ёриб кира олмайдида, шуничи ажабланарли. Бу эса кино ижодкорларининг анчайин оқсоқланаётганлигидан далолат. Чунки, биз фақат ўтмиш билан эмас, келажакка интилиш билан яшашимиз керак. Биз ҳозир нима ҳақида ўйлаётган бўлсак, биз билишимиз керак қўни-қўшниларимизнинг ҳозирги ёшлари нима ҳақда ўйлаяпти ва нимани кино қилиб олиб чиқмоқчи улар. Агар биз қизиқиб, уларнинг фикрларини билсак, ўзаро ҳамкорлик бошланарди. Ёш актёрларимзни улар, уларнинг ижодкорларини биз чақиришимиз мумкин.

Фото: Anhor.uz

Мен ўзим айни пайтда бошланган ҳамкорлик доирасида Ўзбек-Тожик давлатлари ўртасида тасвирга олинаётган “Юлдузлар шуласи – Жомей ва Навоий” тарихий фильмида Ўзбекистон томонидан режиссёрлиги менга, Тожикистонда эса маҳоратли режиссёр Файзулло Файзов ишламоқда.

Агар мендан сўрашса, ҳозирги кунда мен тожиккинонинг иш жараёни, яратилган оҳирги 10 йилликдаги фильмлари ҳақида бемалол айтиб беришим мумкин. Бунга сабаб, ушбу ҳамкорликда олинаётган кинокартина. Қачон Тожикстонга борсам, мен улардан илтимос қиламан менга замонавий тожик фильмда қилинган маҳсулотларни кўрсатишларини ва мен уларнинг ижод жараёнларини ўргандим. Менда, уларнинг актёрлар ижросига, режиссёрлар маҳоратига бўлган қизиқиш ва ўрганиш пайдо бўлди. Нега тожикфильм. Мен хозир улар билан ишлаётганим учун уларнинг олган асарларини ўрганишга мажбур бўлдим. Бундай бўлмаслиги керак аслида, ҳамма ўзи қизиқиб, қўшни ҳамкасбларининг ишини ўрганса эди, ўсиш, ривожланиш ва ҳамкорлик алоқалари кучаярди. Мана жараён. Албатта, иш бор жойда муаммо ва камчилик бўлади. Бусиз илож йўқ. Масалан, кучли драматургиянинг йўқлиги. Ютуқларга келсак, ҳамма ўзи кўриб боряпти қаерда ютяпмиз, қаердадир ютқазмоқдамиз. Бу менинг қарашим ва мулоҳазам. Бошқаларда ҳам ўз фикрлашлари бор деб биламан.

Б.Каримов. Дилмурод ака, раҳмат маълумотлар учун. Айрим томошабинлар қизиқади. Айрим ҳолларда фильмдаги ижрочи актёр ана шу фильмда сценарист, ҳам режиссёр, ҳам продюсер ҳам актёр қиёфасида гавдаланади. Бу жараён ўзбек киносида сценарист, режиссёр ёки продюсерларнинг етишмаслигиданми ёки бошқа бир омиллар ҳам борми?

Д.Масаидов: Ҳеч биридан эмас. Ҳоҳласак ҳам, хохламасак ҳам дунё қиносига кириб боряпмиз. Ҳозирги айтган сўзиздан айнан хориж мамлакатлари фильмлари, Голливуд ёки Болливуд деб айтайлик. Масаланда. Шохруххон ўйнаган хар бир фильмда ё турмуш ўртоғи, ё ўзи продюсер бўлади. Айримларини ҳисобга олмасак. Бошқа продюсерларни фильмнинг муваффаққиятли чиқиши учун таклиф қилишмаса, фақат уларни ўзи билан чекланади. Аслини олганда эса “Продюсер” деб ёзиш мавқе ҳам бермайди мени назаримда. Лекин, қонун ва қоида тариқасида бунга амал қиламиз. Бор гап шу. Актёрлик қилиши ҳам табиий жараён. Нега деганда тасвирга олаётган фильми қараса муваффақият томон одимлаяпти. Шу жараёнда у минг сценарий муаллифи, режиссёр, продюсер бўлсин, агар, роллар орасида ўзига моси чиқса бемалол ижро этиши мумкин. Агар ўша образга у ҳақиқатдан ҳам мос келса. Айрим, киностудиаларга келсак уларда базида режиссёр топиш, маҳоратли ижодкорни топиш қийин бўлади. Шунда у ўзи режиссёрлик, актёрлик қилишга мажбур бўлади. Бу, яхши сценарист, режиссёр ё актёрнинг камлигидан эмас, оддий ижодий жараён сифатида қабул қилиниши лозим. Томошабин саҳна ортидаги жараён қандайлигини билмайдику.

Б.Каримов: Актёрлар, режиссёрлар орасида ҳам “Оскар” мукофотини олишга ҳаракат албатта бўлади. Ана шу мукофот топшириш жараёнларини мен ўзим ҳам қизиқиб томоша қиламанда, айтаман “Қасон бизникилар ҳам олар экан?”. Жуда кўп машҳур фильмларимиз бор, халқаро майдонларда бемалол рақобатлаша оладиган. Негадир ушбу нуфузли маросимда кўриниш бера олмайди. Шунингдек, ўтган вақт мобайнида “Фариданинг 2000 қўшиғи” картинаси “Оскар”да иштирок этиш учун комиссиядан тасдиқланиб юборилганди. Айни ушбу фильмнинг қайси жиҳатлари, мавзуси ва жанри тақдим этувчи комиссияга мақул бўлган. Нега айнан ушбу киноасар?

Д.Масаидов: Танлов ҳайъатининг талаблари бўйича “Оскар”га борадиган фильм ўзини давлатида примера қилиниб, 1 ҳафта қўйилган бўлиши керак ҳолос. Ундан сўнг прокатдан яъни намойишлардан олинган бўлиши ва бу жараёнлар тақдим этувчи комиссия томонидан ҳужжатларда расмийлаштирилиши лозим. Ўша пайтда “Фариданинг 2000 қўшиғи” айнан шундай талабга жавоб берадиган фильм бўлган. Бу бир, ўз даврида чиқган киноасарлар ичида боришга арзийдиган фильм сифатида шу кино танланган бу икки. “Фариданинг 2000 қўшиғи” картинаси борди, қатнашди, қатнашмади бу ташкилотчиларнинг ҳоҳиши. Кино ҳам сиёсат. Нафақат бизда, бутун дунёда сиёсат даражасига чиққан.  Голливудда ҳам, Болливудда ҳам кўнгил очар, дам олиш ўз йўлига, уларда ҳам сиёсий тус олиб бўлганини кўришимиз мумкин. Кинони ортидан ташкил этиладиган лойиҳа ва танловларда ҳам сиёсат бўлади.

Шахсан менда оҳирги 5 йилда “Оскар”га бориш, қатнашиш истаги жуда қизғин эмас. Фестиваллар ўз йўлига, ким зўр эмас, балки асарнинг томошавийлиги муҳим. Масалан, қилган фильмингиз яхши чиқса ўрин олиш эҳтимоли бор. Ўзим бошқа фестивалларга борганман, қатнашиб ўрин олганман, ҳурсанд бўлганман. Лекин, у бир кунлик қувонч ҳолос, яна кинойинг ва севимли томошабинларинг билан қоласан. Лекин томони бор, фестивалда қатнашиб ўрин олсангизу, томошабин у фильмни кўри жирканса ундан ёмони йўқ.

Дилмурод Масаидовнинг шахсий архивидан

Б.Каримов: Мана шу ўринда яна бир савол билан юзланмоқчиман. Лойиҳанинг мақсади “Медиа саводхонлик”ни ошириш. Уни кино санъатида ҳам тарғиботини йшлга қўйиш. Интернет дунёси билан ҳамоҳангмиз. Кунда, кун ора тармоқлар орқали турли ёлғон ахборотлар ва алдовлар тарқаётганига гувоҳ бўламиз. Базида эса, уларга алданиб ҳам қолаётганлар талай. Кино санъатида бу йўналишни олиб чиқишга қизиқиш қандай?

Д.Масаидов: Киноларимизда асосан китобсизликни тарғиботига ҳозирда катта аҳамият қаратилмоқда. Ўзи аслини олганда кинода барча мавзу ва йўналишлар қамраб олинади, бу эса томошабин ўзига керакли ҳулосани чиқаришига ундайди. Ҳозирда одамларимиз орасида китоб ўқиш маданияти тобора камайиб боряпти ва бунинг натижасида уларнинг оддий саводхонлигидан тортиб, медиа ва ахборот саводхонликлари ҳам йўқолиб кетяпти. Ўйлайман, яқин йилларда чиқадиган фильмларда бу масалаларга ҳам жиддий аҳамият қаратилади. Кўпроқ бадиий, илмий-оммабоп асарларни ўқиб, таҳлил қилсак ўз шахсий дунёқарашимизни ривожлантира оламиз. Масалан, ҳозирги медиа маҳсулотлар орасида кино ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли одам ўзини ўзи тўлиқ ирода ва тарбиялай олиши лозим деб ўйлайман.

Б.Каримов: Дилмурод ака мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Қадрли кузатувчилар, “Ўзбек киносини биласизми?” лойиҳаси давом этади. Келгуси суҳбатларимизда янада қизиқроқ мавзулардаги маълумотларни бериб боришга ҳаракат қиламиз.

Бобур Каримов суҳбатлашди

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.