Ўзбек санъати вакили “Ҳамдўстлик юлдузлари” давлатлараро мукофоти билан тақдирланди
Мазкур мукофот Ижодий ва илмий зиёлилар форумида Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек Миллий драма театри бош директори, режиссёр, актёр Ёдгор Саъдиевга тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, Баҳром Норбоев “Дебютлар ҳамдўстлиги” халқаро мукофоти билан тақдирланди. Айтиш жоизки, МДҲга аъзо давлатлар ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форумига ўтган йили Тошкент шаҳри мезбонлик қилган эди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар беряпти.
«Бу йил Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган МДҲ давлатлари ижодкор зиёлиларининг халқаро форуми доирасида ўзбекистонлик санъат ва маданият вакилларига ҳам ушбу мукофот топширилгани қувонарлидир», – дейилади хабарда.
Айтиш жоизки, ушбу мукофот 2008-йилда таъсис этилган бўлиб, 2009-йили илк бор ўз соҳибларига тақдим этилган. Мазкур мукофот маданият, санъат, таълим, илм-фан йўналишида самарали ижод қилиб келаётган, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, МДҲ мамлакатларидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга оид лойиҳаларда фаол иштироки учун берилади.
«Чингиз Айтматовдек буюклари бор юрт эътибори ва эътирофидан ниҳоятда хурсандман, – дейди Ёдгор Саъдиев. – Бу ҳамдўстлик ришталари ижод аҳлига жуда катта илҳом ва шижоат бағишлайди. Ижодий лойиҳаларимизга ижобий туртки беради», – дейди у.
Шарҳлар