Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрамига бағишланган табригида миллий тилнинг халқнинг тарихий ва маданий меросини сақлашдаги роли алоҳида таъкидланиб, давлат тилини ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқлар санаб ўтилди. Хусусан, кўплаб идоравий ҳужжатларнинг давлат тилига ўтказилгани, янги сўз ва атамаларни тизимли равишда истеъмолга киритиш учун Атамалар комиссияси фаолияти такомиллаштирилгани, ҳужжатлар лингвистик экспертизадан ўтказиш тизими жорий этилгани ҳақида сўз борди.
Ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантириш учун кўплаб қомуслар, луғатлар ва қўлланмалар чоп этилгани, сунъий интеллект асосидаги ўзбекча матнларни қайта ишлаш дастурлари ва изоҳли луғатлар сайтининг яратилгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, мактаб ўқитувчилари учун сертификатлаштириш тизими жорий этилиб, маошларининг оширилиши режалаштирилгани, бадиий таржима соҳасида халқаро мукофот таъсис этилгани ва «Википедия»даги ўзбекча маълумотлар ҳажмининг ошгани эътироф этилди.
Президент тилни рақамли маконда ривожлантириш ва ахборот технологиялари соҳасидаги йирик дастурлар тили сифатида ўзбек тилини илгари суриш бўйича олдимизда кўплаб вазифалар борлигини таъкидлаб, жамиятни давлат тилини ривожлантиришга фаол ҳисса қўшишга чақирди.
Шарҳлар