Ўзбекистон Афғонистонга 100 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамини юборди
Транспорт вазирлигининг матбуот хизмати маълумотларига кўра, 10 октябрь куни Ўзбекистон зилзиладан зарар кўрган Афғонистон халқига 100 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамини жўнатган.
Инсонпарварлик ёрдами Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев раҳбарлиги остида етказилди.
Юк таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, буғдой, ёғ, макарон, гўшт маҳсулотлари, шоли, қанд киритилган. Бундан ташқари, гуманитар ёрдам чодир ва кўрпачалар, шунингдек бирламчи тиббий ёрдам воситаларини ўз ичига олади.
Транспорт ва фуқаро авиацияси вазир ўринбосари Абдул Саттор Ғурвол зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси иш олиб бораётганини айтган. Биринчи навбатда касалларга ва уй-жойлари вайрон бўлганларга ёрдам кўрсатилмоқда. Бугунги кунга қадар Афғонистонга Бирлашган Араб Амирликларидан гуманитар ёрдам келиб тушган, Туркиядан ҳам ёрдам кутилмоқда.
Афғонистонда 7 октябрь эрталаб 6,3 балли зилзила юз берган эди. Унинг маркази мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри ва айни пайтда шу номдаги вилоят пойтахти ҳисобланадиган Ҳирот шаҳридан 40 км шимоли-ғарбда жойлашган. Асосий силкинишдан сўнг бир қанча кучли зилзилалар рўй берган, бир нечта қишлоқ буткул вайрон бўлган. 2400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 2000 га яқин аҳоли зарар кўрган.
Ўзбекистон бир оз олдин ҳамдардлик билдирган эди.
Шарҳлар