Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини етказишни 50% га қисқартирди

Источник: pixabay.com

Ўзбекистон техник сабабларга кўра Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 50 фоизга қисқартирди. Бу ҳақда 29 декабрь куни Aamaj News ахборот агентлиги Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика корпорациясига асосланиб хабар берди, деб ёзади “Фергана” нашри.

DABS қўшимча қилишича, 29 декабрь кун охирига бориб Ўзбекистондан электр энергияси оладиган Афғонистоннинг 15 вилоятида электр ўчирилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг вакили “РИА Новости” агентлигига айтишича, муаммо Афғонистон ҳудудида.

“Биз етказиб беришда давом этяпмиз. Бу муаммо Афғонистон ҳудудида, биз юз бераётган воқеаларнинг сабабини тушунмаяпмиз”, – деди у.

Октябр ойида «Фергана» нашри Афғонистоннинг электр энергиясини бўйича қўшни давлатлардан қарзи 62 миллион доллардан ошгани ҳақида хабар берганди. DABS Туркманистон, Ўзбекистон, Эрон ва Тожикистондаги электр энергияси етказиб берувчиларга расмий хатлар йўллаб, қарзларни тўлаш мажбуриятини эълон қилганди. Шунингдек, Афғонистон давлат корпорацияси БМТнинг Афғонистондаги кўмак миссиясига мурожаат қилиб, қарзни тўлашда ёрдам сўраганди.

24 октябрь куни эса Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Афғонистонда банк тизими ишлай бошлаганида қарзларни тўлаш бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.