Bo'limsiz

Ўзбекистон аэропортларида икки йўлакли тизим бекор қилинди

Фото:Spot.uz

Ўзбекистондаги халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида икки йўлакли (яшил ва қизил) тизим тугатилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар беради.

Айрим оммавий ахборот воситалари буни раҳбариятнинг ўзгариши билан боғлади. Бироқ, Божхона қўмитаси ва Uzbekistan Airports компанияси бу ортиқча назорат чораларини йўқ қилиши ва вақтни тежашини айтмоқда.

БҚ матбуот котиби Ҳусан Тангриевнинг тушунтиришича, бунга раҳбарият алмашинувининг алоқаси йўқ, чунки божхона сиёсати мустақил. Икки йўлакнинг бекор қилиниши масофавий божхона назоратининг жорий этилиши билан боғлиқ бўлиб, халқаро стандартларга мос келади. Йўловчилар кўпайиши билан бу вақтни тежаш имконини беради ва кераксиз ноқулайликларни бартараф этади.

Икки йўлак тизими 2018 йил 1 январдан жорий қилинган. Ушбу тизим туфайли ёзма декларация қилинадиган товарлари бўлмаган йўловчилар чегарадан тезроқ ўтарди. Бунгача барча йўловчилар декларация тўлдирган ҳолда божхона кўригидан ўтказилар эди.

“Жорий қилинган янгилик нафақат йўловчиларнинг вақтини тежайди, балки давлат назоратининг такрорий шаклларини, масалан, қўл юкини текширишни ҳам қисқартиради. Буни фақат авиация хавфсизлиги ходимлари амалга оширади, улар олиб чиқилиши тақиқланган товарлар аниқланган ёки чегараланган меъёрлардан, шунингдек, нақд миллий ва хорижий валютани олиб чиқиш меъёрларидан ошиб кетганда, божхона ходимларини текшириш учун таклиф қиладилар” – дея қайд этади Uzbekistan Airports компаниясининг матбуот хизмати.

Аэровокзаллар периметри бўйлаб ўрнатилган камералар Божхона қўмитаси ходимларига реал вақт режимида масофадан туриб вазиятни кузатиш ва фақат алоҳида йўловчилар иблан ишлаш имконини беради. Божхона қоидаларининг бузилиши ёки гумон қилинаётган шахс аниқланган тақдирда, шунингдек, хавф-хатарни бошқариш тизими кўрсатмаси бўйича йўловчилар ва уларнинг қўл юклари авиация хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ белгиланган тартибда кўздан кечирилади.

Ҳозирча масофавий божхона назорати фақат жўнаб кетиш вақтида амал қилмоқда. Учиб келишда ҳозирча икки йўлак тизими ишлашда давом этммоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.