Ўзбекистон аэропортларида кутиб олувчиларнинг аэропорт биносига киришига рухсат берилди

Источник: Uzbekistan Airports

Аномал совуқлар муносабати билан республика аэропортлари биносига кутиб олувчиларнинг киритилишига рухсат берилди. Илгари кутиб олувчиларни бинога киритиш аэропортларда фаолият юритувчи бир қатор тузилмаларнинг ҳужжатлари билан чекланган эди. Бугундан бошлаб барча кутиб олувчилар учиб келиш залларига кириб, терминал ичида божхона ҳудудигача бўлган жойда учиб келаётган йўловчиларни кутишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports компанияси хабар беради.

«Ниҳоят, бизнинг таклифлар эшитилгани ва давлат раҳбарияти томонидан иродали қарор қабул қилинганидан жуда хурсандмиз. Биламан, муаммо кўп йиллар давомида мавжуд эди. Одамлар иссиқда ва совуқда ташқарида туришган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ва бошқа бир қатор сабабларга кўра уларнинг ичкарига киритилиши тақиқланган. 2018 йилда қурилган учиб келиш зали ҳам халқаро стандартларга жавоб бермасди, унда кутиб олувчилар учун жой ажратилмаган. Унинг устига зал жуда кичкина. Биз ҳозирда бинонинг олд қисмини суриш орқали зал майдонини кўпайтириш лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз, бу ерда кутиб олувчилар учун шароит яратиш мумкин бўлади. Жараён, зал атрофида кўплаб коммуникациялар ўрнатилганлиги сабабли мураккаблашмоқда. Ҳар сафар, биз мавжуд аэропортни қайта қуриш, кенгайтириш, қулайроқ қилиш учун ҳаракат қилишга қўл урганимизда, пойтахтимизга янги аэропорт қуриш керак эканлигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Аммо, аэропортлар бир кунда бунёд этилмаслигини ҳисобга олиб, имкон қадар мавжуд аэропортни реконструкция қилмоқдамиз», – дейди Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Компаниянинг таъкидлашича, аномал совуқлар шароитида аэропорт хизматлари парвозлар хавфсизлигига эътиборни кучайтирмоқда. Ноқулай об-ҳаво шароитлари – совуқ ҳаво ҳарорати, қор ёғиши – парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун самолётларни музга қарши суюқлик билан ишлов бериш жараёнини назарда тутади. Бу жараён одатда ҳар бир самолёт учун тахминан 30 дақиқа давом этса-да, ҳозирги пайтда ҳар бир самолётга ишлов бериш 1 соатдан 1,5 соатгача вақт олмоқда. Албатта, бу рейсларнинг кечикишига олиб келади. Дунёнинг қатор мамлакатларида бундай об-ҳаво шароитлари туфайли аэропортларни ёпиш амалиёти мавжуд. Аммо Ўзбекистон аэропортлари йўловчиларни жадвалдаги ўзгаришлар ҳақида хабардор қилган ҳолда, ишлашга қарор қилди.

«Бугун ишонч билан айта оламанки, аэропортларимиз мураккаб об-ҳаво шароитида учиш ва қўниш операцияларини барқарор амалга ошириш учун етарли ресурсларга эга. Гап нафақат машиналар, балки халқаро тажрибага эга малакали кадрлар ҳақида ҳам бормоқда. Йўловчилар оқими бўйича энг гавжум аэропорт, бу Тошкент аеропортидир – у ерда кунига юздан ортиқ рейслар амалга оширилади. Хендлинг компанияси ва аэродром хизмати об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши арафасида барча захира кучларини жамлашга муваффақ бўлди. Жумладан, 10 январь куни соат 00:00 дан 23:59 га қадар Ўзбекистон халқаро аэропортлари томонидан 152 та рейсга хизмат кўрсатилган бўлса, шундан 93 таси «Тошкент» аэропортида амалга оширилган. Ҳар бир самолётга ишлов бериш учун бир соатдан кўпроқ вақт кетганини ва барча махсус техникалар парки, шундай совуқда аэродромда ишлаган ходимларни ҳисобга олмаганда, учиш-қўниш йўлаги ва юриш йўлакларини тозалашга чиққанини ҳисобга олсак, бу жуда юқори кўрсаткич», – дея қўшимча қилди Раъно Жўраева.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.