Ўзбекистон аэропортларида маймунчечак касаллигининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда
Ўзбекистон Республикаси бош давлат санитария врачининг “Чет элдан маймунчечакнинг кириб келишининг олдини олиш ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини ташкил этиш тўғрисида”ги кўрсатмаси асосида мамлакат аэропортларида қатор санитария-тарғибот тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Жумладан, фуқаро авиацияси объектларининг Санитария-эпидемиология осойишталиги маркази билан биргаликда 20-21-август кунлари аэропортлар тиббиёт ходимлари учун маймунчечак касаллигининг этиологияси, клиник кўриниши, эпидемиологияси, диагностикаси ва олдини олиш бўйича семинарлар ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, республиканинг барча халқаро аэропортларида маймунчечак касаллигининг олдини олишга қаратилган санитария-тарғибот ишлари кучайтирилди. Хусусан, аэропорт ходимларига ушбу касаллик ҳақида соддалаштирилган шаклда маълумот берилади ва баъзи аломатлар визуал тарзда қандай намоён бўлиши тушунтирилади. Бундан ташқари, санитария-карантин хизмати томонидан аэропортларда ҳаво ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни масофадан туриб аниқлайдиган тепловизорлар ўрнатилади.
«Uzbekistan Airports» АЖнинг Тиббий таъминотни ривожлантириш департаменти ЖССТ маълумотларига таяниб, ушбу касалликнинг янги штамми асосан Ўзбекистон билан тўғридан-тўғри рейслар билан боғлиқ бўлмаган Африка мамлакатларида тарқалаётганини таъкидлади.
Шарҳлар