Ўзбекистон бўйича ўртача иш ҳақи ҳақидаги ҳисобот чоп этилди
Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи чораги якуни бўйича Ўзбекистонда ўртача номинал иш ҳақи 4 миллион 920 минг сўмни ташкил этган ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,2 фоизга кўпдир.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳри (8 миллион 117 минг), Навоий (6 миллион 500 минг) ва Тошкент вилоятларида (4 миллион 764 минг) қайд этилди.
Шу билан бирга, энг кам иш ҳақи Сурхондарё (3 миллион 543 минг), Қашқадарё (3 миллион 594 минг) ва Наманган (3 миллион 642 минг) вилоятларида қайд этилган.
Ҳисобот даврида фақат Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида номинал иш ҳақи даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган, қолган вилоятларда эса бу кўрсаткич паст бўлган.
Шу билан бирга, вилоятлар кесимида ўртача ойлик номинал иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Андижон вилояти (25,2 фоиз), Тошкент шаҳри (22,3 фоиз), Фарғона (21,5 фоиз), Навоий (18,8 фоиз) ҳамда Жиззах (18,2 фоиз) вилоятларида кузатилган..
Иш ҳақи ошиши билан ҳудудий фарқлар ҳам ошади. Масалан, 2020 йилда энг бой ва энг камбағал ҳудудлар (Тошкент/Сурхондарё) ўртасидаги ўртача иш ҳақи фарқи 74 фоиз, 2021 йилда – 85 фоиз, 2022 йилда – 2 баробар, 2023 йилда – 2,1 баробар, 2024 йилда эса бу 2,3 баравар кўрсаткичга етган.
2023 йилда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш учун 3 миллион 91,9 минг ходимнинг маълумотларидан фойдаланилди. Уларнинг аксарияти таълим (38,5 фоиз), саноат (18,1 фоиз) ва соғлиқни сақлаш (16,9 фоиз) соҳаларида ишлаган.
Шарҳлар