Ўзбекистон делегацияси Қўштепа канали бўйича музокаралар ўтказиш учун Афғонистонга боради

Канал Коштепа. Фото: Twitter / Мулла Абдулгани Бародар

Афғонистонда «Толибон» томонидан қурилаётган Қўштепа канали юзасидан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистон ҳукумати делегацияси тузилмоқда. Бу ҳақда 17 октябрь куни Самарқандда ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасидаги тадбирларда қатнашаётган Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов «Газета.uz» га маълум қилган.

Ҳоким канал қурилишининг вилоятга таъсири борасида гапираркан, у Ўзбекистон эмас, Тожикистон чегарасидан қурилаётгани, шундай бўлсада барчага бирдек таъсир қилишини таъкидлаган.

«Ҳозирча улар [Афғонистон томони] канални очгани йўқ, кеча кўрсатганлари бу сизот (еростидан сизиб чиқадиган сув — таҳр.) сувлари эди. Дарёда қурилиш ишларини тўлиқ амалга ошириб бўлишмаган. Бироқ, хоҳлаймизми, йўқми, сув [ҳажми]га таъсири қилади, камайишига олиб келади. Ўзлаштириш учун ҳали йиллар керак, канални қуришнинг ўзи бўлмайди. Канални қазиганда мутахассислар билан қилиш керак. Улар ҳали ерни ўзлаштиргани йўқ, ер ўзлаштирилиб, сувни ишлатиш жойи бўлиши керак. Ўзлаштириш ҳам катта маблағ талаб қилади. Биз сувнинг бошидамиз, ҳаммага таъсири бўлади, албатта. Унгача [масала] ҳукуматлараро [даражада] кўриб чиқилади», — дея қайд этади у.

Кутилаётган музокаралар чоғида сув тақсимоти масаласи кўриб чиқилади, ҳозирда ташриф санаси келишиб олинмоқда, Афғонистон томонига хатлар йўлланган, дея қўшимча қилади ҳоким.

Ишчи гуруҳлар Сурхондарё вилояти ва Балх провинцияси раҳбарлари ўртасида чегарани кесиб ўтиш каби қуйи даражадаги масалаларни мунтазам муҳокама қилиб келмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.