Ўзбекистон демократия рейтингида ўз позициясини бироз яхшилади

Ўзбекистон 2023 йилги Демократия индексида 148-ўринни эгаллади. Британиянинг The Economist Intelligence Unit тадқиқот ташкилоти ушбу рўйхатга жами 167 та давлатни киритган.

Ўтган йил охирида Ўзбекистон ўнта баллдан 2,12 балл тўплаган эди. Республика 2022 йилда ҳам худди шундай балл тўплаб, 149-ўринни эгаллаганди.

Ташкилот экспертлари ҳамон мамлакатимизни авторитар тузум қаторига киритмоқда. Улар Ўзбекистон ва Қозоғистондаги сиёсий ислоҳотлар ўтган йили унчалик самара бермаганини таъкидлайди.

“Ўзбекистон демократиянинг кўп соҳаларида, жумладан, сиёсий иштирок бўйича Қозоғистондан ортда қолмоқда ва ҳар икки давлат авторитар лагерда мустаҳкам ўрнашиб олган”, – дея қайд этади The Economist.

Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши натижа Қирғизистонда – 109-ўрин, Қозоғистон (120-ўрин) ва Ўзбекистон учинчи ўринда. Тожикистон 155-ўринда, Туркманистон 162-ўринда.

Ўтган йили энг демократик давлатлар сифатида Норвегия, Янги Зеландия ва Исландия қайд этилди.

Энг ёмон натижалар Шимолий Корея (165), Мьянма (166) ва Афғонистонда (167) қайд этилган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.