Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Ҳисорак сув омборида фавқулодда вазият бўлмаганини билдирди
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев сешанба куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган Ҳисорак сув омборидаги вазият юзасидан баёнот берди. Бир кун аввал бу ерда сув ташланиши содир бўлиб, Оқсув дарёсида сув сатҳи кўтарилиб, аҳоли орасида авария юз бериши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган.
“Мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тезда воқеа жойига етиб келди ва вазиятни ўрганди. Фавқулодда вазият йўқлиги аниқланди. Ҳисорак сув омбори одатдагидек ишлаяпти”, — деди вазир.
У мутахассисларнинг маълумотларига таяниб, жорий йилда ёғингарчиликнинг кўп ёғиши ва исиш туфайли тоғларда қорнинг тез эриши сабабли сув омборида табиий сув оқими кўпайганини айтди. Бироқ, сув омборининг ҳеч қандай иш параметрлари ўзгармаган.
Абдулла Қўлдошевнинг айтишича, лойиҳа чиқариш қуввати сониясига 250 кубометр бўлгани ҳолда бир кун аввал сониясига 40 кубометр сув ташлаш амалга оширилган.
“Сув омбори одатдагидек ишлаяпти. Хавф, ташвиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Агар сув оқимининг ҳажми ҳақида гапирадиган бўлсак, тўғон орқали эмас, балки махсус иншоотлар орқали сониясига 122 литрни ташкил қилмоқда, кеча эса, ҳисоб-китобларга кўра сониясига атиги 66 литрни ташкил этган”, — дейди вазирлик раҳбари.
“Шу соҳа мутахассиси сифатида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари сифатида сизни ишонтириб айтаманки, азиз юртдошлар, муҳтарам фуқаролар, хавотирга ўрин йўқ. Бу ерда олиб борилаётган барча ишлар одатдагидек ва дастлабки режа асосида давом этмоқда”, – дея ишонтирди у.
Шарҳлар