Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг номзоди – Улуғбек Иноятов қандай дастур билан чиқмоқда
9 июль куни Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Anhor.uz номзодларнинг қисқача таржимаи ҳоллари, шунингдек, дастурларини тўплади.
Улуғбек Иноятов ЎзХДПдан номзод сифатида кўрсатилди, у 2019 йил июнидан буён партия Марказий Кенгашининг раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
Иноятов 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1985 йилда Тошкент политехника институтини муҳандис мутахассислиги бўйича, 1998 йилда эса Тошкент молия институтини тамомлаган. Улуғбек Иноятов профессор, педагогика фанлари номзоди.
Иноятов 2016—2018 йилларда Халқ таълими вазири лавозимида ишлаган.
2019 йилда “Демократик мунозаралар” ток-шоусида яшаш минимуми муҳокамаси чоғида Иноятов Тошкентда ойига 2,5 миллион сўм маош оладиган оила бошлиғи 5 кишилик оилани бемалол боқиши мумкинлигини айтган эди.
Иноятовнинг сайловолди кампаниясининг асосий мақсади мамлакатда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва демократия мезонларига жавоб берадиган демократик ижтимоий давлатни шакллантиришдан иборат.
Номзод “Минимал истеъмол харажатлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни таклиф қилмоқда.
Иноятов, шунингдек, ишсизлар, айниқса, ишсиз аёллар сонини камайтириш, камбағалликнинг олдини олиш, муҳтож фуқароларни, жумладан, қариялар, болалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий сиёсатни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, Иноятов мамлакат қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат инфратузилмасидан тўсиқсиз фойдаланиш имконияти учун шарт-шароит яратиш ва аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун уй-жой қурилишини рағбатлантиришни таклиф қилмоқда.
Тиббий ёрдам соҳасида уни аҳолига яқинлаштириш, тиббий суғуртани ва хизматларни рақамлаштиришни жорий этиш, фармацевтика соҳасида назоратни кучайтириш, дори воситаларининг нархини бошқариш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, пенсионерлар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш кўзда тутилган.
Шарҳлар