Ўзбекистон илк бор 4,25 трлн сўмлик “яшил” еврооблигацияларни жойлаштирди
Ўзбекистон Лондон фонд биржасида 660 миллион долларлик евробондларни ва 4,25 триллион сўмлик биринчи «яшил» суверен еврооблигацияларни жойлаштирди, деб ёзади «Газета» нашри Иқтисодиёт ва молия вазирлигига (ИМВ) таянган ҳолда.
2−4 октябрь кунлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Марказий банки вакиллари Нью-Йорк, Бостон ва Лондонда 50 дан ортиқ инвесторлар билан учрашувда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш истиқболларига бағишланган роуд-шоу ўтказдилар.
Хабарда айтилишича, инвесторлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, яшил иқтисодиётга ўтиш, газ ва электр энергияси нархлари бозорини либераллаштириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва Бутунжаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлиш орқали савдони эркинлаштириш сиёсатини, шунингдек, «Ўзбекистон-2030» стратегиясида белгиланган мақсад ва чора-тадбирларни юқори баҳолади.
ИМВ сўмда чиқарилган еврооблигациялар МДҲдаги биринчи «яшил» суверен облигациялар эканлигини таъкидлади. Сўмдаги «яшил» облигациялар, гарчи дастлаб ИМВ 18% ставка бўлишини кутган бўлса-да, уч йил муддатга йиллик 16,25% ставкада (купон тўлови) жойлаштирилди. Ушбу маблағдан (4,25 трлн. сўм) фойдаланган ҳолда Ўзбекистон аввал чиқарилган еврооблигациялар бўйича 1,9 триллион сўмлик қарзни муддатидан олдин тўлаб берди (илгари тўлов муддати 23 ноябрга белгиланган эди). Қайд этиш жоизки, бу ички бозордаги фоиз ставкаларидан 16,25 фоиз паст бўлиб, Марказий банк 17,57 фоиз ставкада 2 йиллик давлат қимматли қоғозларини чиқарганди.
Шарҳлар