Ўзбекистон илк бор ковидга қарши Pfizer болалар вакцинасини олди
Ўзбекистонга COVAX механизми доирасида коронаврусга қарши 201 600 доза Pfizer болалар учун вакцинаси келтирилди.Бу ҳақда “Газета” нашри Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Европа Иттифоқи ва Швеция ҳукуматининг ушбу хайрияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 5−11 ёшли болаларни вакцинация билан қамраб олиш ва мамлакатда “COVID-19”нинг янги штаммлари тарқалишининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
«Ўзбекистонда 5−11 ёшли болаларни Pfizer вакциналари билан ихтиёрий равишда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш халқаро ва миллий экспертларнинг тавсиялари ҳамда аҳоли мурожаатлари асосида тасдиқланган. Бугун олинган 201 600 доза болалар вакцинаси Ўзбекистонда болаларни COVID-19`дан ҳимоя қилишга ёрдам беради», — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев.
«COVID-19`нинг янги вариантлари пайдо бўлиши билан боғлиқ юзага келаётган эпидемиологик вазият ва унинг болаларда кечишининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб пандемиянинг олдини олиш учун болаларни ушбу инфекцияга қарши эмлаш мақсадга мувофиқ ва ниҳоятда муҳим деб ҳисобланади. Хитой, АҚШ, Канада, Исроил, Европанинг бир қанча мамлакатлари ва Лотин Америкаси давлатларида болаларни коронавирус инфекциясига қарши эмлаш фаол равишда амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.
ЮНИСЕФ вакциналарнинг адолатли тақсимланишига устувор аҳамият беради. Бугунги кунга қадар Ўзбекистонга COVAX механизми орқали жами 21,2 миллион доза вакциналар етказилди, жумладан, Astra-Zeneca — 2,15 миллион; Moderna — 10,68 миллион; Pfizer — 6,62 миллион; Sinovac — 1,77 миллион доза.
Шарҳлар