Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазирининг янги ўринбосарлари тайинланди
Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновга учта янги ўринбосар тайинлади, дея хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг матбуот хизмати. Янги раҳбарлар тақдимотида Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлигининг директори Ғофуржон Мирзаев иштирок этди.
Азимжон Назаров Соатмурод ўғли Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бунгача у 2021 йил март ойидан сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Азимжон Назаров (1976 й. т.) Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини (1997) ва Техас А&М университетини (АҚШ, 2000) тамомлаган. 2018-2021 йилларда Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Президент Администрациясида Агросаноат комплексини ривожлантириш сектори мудири лавозимида ишлаб келган Акмал Қосимов қишлоқ хўжалиги вазирининг яна бир ўринбосарига айланди.
Бунёд Охунов ҳам қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Бундан олдин у Иброҳим Абдураҳмоновнинг қўл остида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Молия, иқтисодиёт ва инвестициялар бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаган. Ўтган йиллар давомида у Инновацион ривожланиш ва инновацион ғоялар жамғармасининг ижрочи директори лавозимида ҳам ишлаган.
Шарҳлар