Ўзбекистон янги глобал муаммоларни ҳал қилиш учун стратегияларга эга бўлиши лозим – БМТТД маърузаси

Источник: ПРООН

Бир инқироздан бошқасининг гирдобига тушаётган дунё, худдики ёнаётган хонада қолиб кетган ўт ўчирувчи каби, бирин-кетин бош кўтараётган муаммоларнинг асл сабабларини бартараф эта олмаяпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТТД) огоҳлантиришича, дунё кетаётган йўлида кескин ўзгариш ясалмаса, биз янада каттароқ йўқотиш, муҳтожлик ва адолатсизликларга юз тутаверамиз, – дея огоҳлантиради  БМТТД.

БМТТД томонидан бугун эълон қилинадиган “Беқарор замон, беҳаловат ҳаёт: ўзгарувчан дунёда ўз келажагимизни шакллантириш”, деб номланган Инсон тараққиёти тўгърисидаги ҳисоботда ноаниқликни юзага келтирувчи омиллар тўпланиб, инсоният ҳаётини мисли кўрилмаган тарзда издан чиқарадиган даражада ўзаро таъсир ўтказаётгани таъкидланади. Сўнгги икки йил ичидаги воқеалар дунёдаги миллиардлаб одамларнинг ҳаётига ҳалокатли таъсир кўрсатди. Жумладан, COVID-19 пандемияси ва Украинадаги уруш каби инқирозлар кетма-кет келиб, кенг қамровли ижтимоий ва иқтисодий силжишлар, сайёрамиз учун хавф туғдирадиган ўзгаришлар ва кескин кучайган қутбланиш билан ўзаро алоқага киришди.

Дунё мамлакатларидаги соғлиқни сақлаш, таълим ва турмуш даражаси ўлчанадиган Инсон тараққиёти индекси БМТТД томонидан охирги 32 йил давомида эълон қилиб келинади. Бу йилги ҳисоботнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, илк маротаба Инсон тараққиёти индекси дунё миқёсида кетма-кет икки йил давомида пасайган, яъни кўрсаткич 2016 йилги даражага тушиб кетиб, Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида эришилган ютуқларнинг катта қисмини йўққа чиқарди.

Пасайиш деярли бутун дунё миқёсида кузатилмоқда, негаки 2020 ёки 2021 йилларда инсон тараққиёти индекси кўрсаткичи мамлакатларнинг 90 фоиздан ортиғида пасайган. Бундан ташқари, 40 фоиздан зиёд мамлакатда пасайиш кетма-кет икки йил давомида кузатилиб, бу – кўпчиликда инқироз ҳали ҳам чуқурлашиб бораётганидан далолат беради.

Айрим мамлакатлар оёққа туришни бошлаган бўлса-да, тикланиш нотекис ва қисман кечаётган бўлиб, инсон тараққиётидаги тенгсизликларни янада кучайтирмоқда. Айниқса, Лотин Америкаси, Кариб ҳавзаси, Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка ва Жанубий Осиё мамлакатлари катта зарар кўрди.

«Дунё мамлакатлари кетма-кет юзага келаётган инқирозларга қарши жавоб чораларини кўриш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Турмуш даражасининг пасайиши давом этаётган ва энергия инқирозининг шарпаси кўриниб турган бир пайтда қазиб олинадиган ёқилгъи турларини субсидиялаш каби тезкор қарорларни қабул қилиш самарали кўринса-да, шошилинч ёрдам кўрсатиш тактикаси амалга оширишилиши керак бўлган узоқ муддатли тизимли ўзгаришлар йўлида тўсиқ бўлмоқда», — дейди БМТТД Администратори Ахим Штайнер. «Ўзгаришларни амалга ошириш борасида барчамиз умумий фалаж ҳолатидамиз. Ноаниқлик гирдобидаги дунёда биз ўзаро богъланган умумий муаммоларимизни енгиб ўтиш учун янгиланган глобал бирдамликка муҳтожмиз».

Ҳисоботда зарур бўлган ўзгаришлар нега амалга ошмаётгани ўрганилиб, бунинг кўплаб сабаблари борлиги, жумладан, ишончсизлик ва қутбланиш бугунги кунда бир-бирини озиқлантириб, барча даражалардаги инқирозларни енгиб ўтиш учун зарур бўлган бирдамлик ва жамоавий ҳаракатларга тўсиқ бўлаётгани таъкидланади. Янги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, ўзини ҳимоясиз деб ҳис қиладиганлар ҳам ўткир сиёсий қарашларга эга бўлиши мумкин.

«COVID-19 пандемиясидан аввал ҳам биз тараққиётнинг ишончсизлик ва қутбланиш билан эгизак парадокс ҳолатини кузатган эдик. Ҳозир дунё аҳолисининг учдан бири стресс ҳолатида бўлган, учдан икки қисмидан ортиғи эса бошқаларга ишонмайдиган бир пайтда, биз одамлар ва сайёрамиз келажаги учун фойдали бўлган дастур ва стратегияларни қабул қилиш йўлида катта тўсиқларга дуч келяпмиз, – дейди Ахим Штайнер. – Фикрлашга ундайдиган мазкур янги таҳлил бизга боши берк кўчадан чиқиб, глобал ноаниқликни енгиб ўтиш йўлларини белгилаб олишга ёрдам беради. Тизимларимизга янги назар солиб ва қайта ишга тушириб, иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасида қатъий чораларни амалга ошириш ва барча учун янги имкониятларни таъминлай оладиган келажакни қуриш йўлида амалга оширишимиз мумкин бўлган ҳаракатлар кўлами жуда чекланган».

Янги йўналишни белгилаб олиш учун ҳисоботда тикланадиган энергиядан тортиб, пандемияларга тайёрлик соҳаларига инвестиция киритишга, жамиятларимизни беқарор дунё шароитидаги ўсиш ва инқирозларга тайёрлаш учун эса суғурталаш, шу жумладан, ижтимоий ҳимоя соҳаларига урғу берилган дастур ва стратегияларни амалга ошириш тавсия қилинади. Шу билан бирга, кўплаб – технологик, иқтисодий ва маданий шакллардаги инновациялар келажакда юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай муаммоларга қарши жавоб чораларини кўриш учун зарур бўлган салоҳиятни юксалтириш имкониятларини яратиши мумкин.

«Ноаниқликларни енгиб ўтиш учун биз инсон тараққиёти даражасини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни икки баробарга оширишимиз керак бўлиб, одамлар фаровонлиги ёки саломатлигини яхшилаш билангина чекланиб қолишимиз мумкин эмас», — дейди ҳисоботнинг етакчи муаллифи БМТТД ходими Педро Консейкао. «Албатта, бу вазифалар ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолади. Шу билан бирга, биз сайёрамизни ҳимоя қилишимиз ва одамлар ўзини хавфсизроқ ҳис қилиши, ўз ҳаёти устидан назорат туйгъусини тиклаши ва келажакка умид билан қараши учун уларни зарур воситалар билан таъминлашимиз керак».

Ўзбекистон

Ўзбекистонга келадиган бўлсак, мамлакатда Инсон тараққиёти индексининг пасайиши кузатилмаган, аксинча кўрсаткичнинг барқарор ўсиш тенденцияси давом этмоқда. Ўзбекистонда Инсон тараққиёти индекси ишга туширилгандан бери мамлакат жуда яхши натижаларга эришмоқда. 2021 йилдаги Инсон тараққиёти индекси кўрсаткичи Ўзбекистонда 0,727 ни ташкил этиб, мамлакат Инсон тараққиёти даражаси юқори мамлакатлар тоифасига кириши ва 191 давлат ва ҳудуд орасида 101-ўринни эгаллашини таъминлади. 2000-2021-йилларда Ўзбекистондаги Инсон тараққиёти индекси кўрсаткичи 19,8 фоизга – 0,607 дан 0,727 га кўтарилган. Шунингдек, 2000-2021 йилларда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯМДнинг 188,8 фоизга ўсиши кузатилди.

Маҳаллий миқёсдаги ижобий тенденцияларга қарамай, Ўзбекистонда ҳисоботда қайд этилган иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, тенгсизликларнинг чуқурлашиши, ноаниқликларнинг кучайиши ва сиёсий қутбланиш каби юзага келаётган глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган дастур ва стратегиялар жорий этилиши зарур.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.