Ўзбекистон “яшил истеъмол кредитлари”ни қоплашга 800 минг доллардан ортиқ маблағ олади
10 июль куни Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш Жамғармаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида Глобал экологик фонднинг 833 000 АҚШ доллари миқдоридаги беғараз грант маблағларини жалб қилишга бағишланган маросим ўтказилди.
Ушбу грант маблағлари ёрдамида келажакда Жамғарманинг ҳамкор банклари томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадор қурилмаларни харид қилиш учун ажратилган “Яшил истеъмол кредит”ларининг 30 фоизгача қисмини қоплаш кўзда тутилган.
Грант маблағлари Ўзбекистонда энергия ресурларга ошиб бораётган талабни қисман қондириш ва атроф-муҳитга зарарли газларнинг чиқарилишини камайтириш борасидаги ишларни муваффақиятли ҳал этишда қўл келади.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилишни хотин-қизлар ўртасида янада қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш мақсадида грант маблағлари ҳисобидан аёлларга ажратилган “Яшил истеъмол кредити”нинг 37,5 фоизгача қисми қоплаб берилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Шарҳлар