Ўзбекистон Экология вазирлиги дарахтлар кесилиши сабабли Тошкент шаҳар экология бошқармасининг ваколатларини чеклади
Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳар экология бошқармасининг ваколатларини 1 февралгача чеклади, дея хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Қарор “пойтахтда [дарахт кесиш бўйича] мораторий талабларига тўлиқ амал қилинмаётгани, аҳолидан дарахтлар кесиш бўйича кўплаб шикоятлар келиб тушаётгани; дарахтларни кесиш ёки қайта экишга рухсатнома қонун ҳужжатларига риоя қилмасдан қайта-қайта берилаётгани” муносабати билан қабул қилинди.
Февраль ойига қадар Тошкент шаҳрида дарахтларни кесиш ёки қайта экишга рухсатнома фақат вазирликнинг тегишли бўлинмаси билан келишилган ҳолда берилади.
Экология вазирининг буйруғи билан пойтахт экология бошқармасининг бошлиғи Фарҳод Деҳқоновга нисбатан хизмат текширувини ўтказиш белгиланди ва шу сабабли у 30 декабрдан 1 февралга қадар лавозимидан четлатилди.
Хизмат текшируви давомида Тошкент шаҳар экология бош бошқармасининг барча таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг фаолияти, шунингдек, департамент томонидан 2021-2023 йилларда давлат ўрмон фондига киритилмаган ер участкаларидаги дарахт ва буталарни кесиш учун берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги ва асослилиги ўрганилади.
Вазирлик Юнусобод туманидаги кўп йиллик эман дарахтига зарар етказилиши билан боғлиқ сўнгги ҳодисаларни келтириб ўтади. Ўрганиш давомида эман дарахти Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманига Max Processing корхонаси томонидан тегишли агротехник талабларга риоя қилмасдан кўчириб ўтказилгани маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан корхона ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми (экинлар, ўрмонлар, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни шикастлаш ёки нобуд қилиш, кўп миқдорда зарар етказиш) ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар