Ўзбекистон элчиси Черногория Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Foto: dunyo

Икки томонлама муносабатлар тарихида Ўзбекистоннинг Черногориядаги биринчи Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ойбек Шахавдинов (қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган) 25 ноябрь куни Черногория Президенти Яков Милатовичга ишонч ёрлиқларини топширди.

Президент қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Ўзбекистон-Черногория муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, уларни янги сифат босқичига олиб чиқиш бўйича истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Президент Яков Милатович Ўзбекистон халқини ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлида эришилган муваффақиятлар билан табриклаб, юртимизга тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тилади. Черногория раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари муҳимлигини таъкидлади.

Черногория икки томонлама муносабатлар, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий соҳалардаги салоҳиятни юқори баҳолайди. Президент сайёҳлик ва гуманитар алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиш муҳимлигини қайд этди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Черногория ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2006 йил 19 декабрь куни ўрнатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.