Ўзбекистон ЮНОПС билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилишга қаратилган келишувни имзолади
21 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Лойиҳаларга хизмат кўрсатиш бўйича офиси (ЮНОПС) Ўзбекистон билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилишга қаратилган битимни тузди.
Ҳамкорлик сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, пандемияга қарши тайёргарликни яхшилаш ва мамлакат таълим инфратузилмасини ривожлантиришни ўз ичига олади.
Ҳужжатни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва БМТ Бош котибининг ўринбосари, ЮНОПС ижрочи директори Жорж Морейра да Силва имзолади.
Имзоланган келишув ижтимоий соҳа объектларини, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва транспорт тизимларини қуриш ва тиклаш каби комплекс лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олади.
Ушбу ҳамкорлик барқарор иқтисодий ўсишни, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, замонавий бошқарувни ҳамда хавфсиз ва тинч давлатни яратишни рағбатлантиришга қаратилган. Ўзбекистон ва ЮНОПС ўртасидаги ҳамкорлик ЮНОПСнинг Тошкентдаги ваколатхонаси орқали амалга оширилади, бу Марказий Осиё минтақасидаги биринчи офис бўлади.
ЮНОПСнинг Тошкентдаги офиси агентликнинг Марказий Осиёдаги биринчи офиси бўлади. “Ишончимиз комилки, ваколатхона алоқаларимизни янада бойитишга, айниқса, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга хизмат қилади”, – дейди Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.
Шарҳлар