,

Ўзбекистон корхоналарида бир йил ичида 716 та чанг ушловчи қурилма модернизацияланди

Завод
Фото: freepik.com

Олий Мажлис Сенатининг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан иқлим ўзгаришининг олдини олишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан маълумот берилди.

Иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган дастурлар доирасида атмосфера ҳавосига таъсир хавфи юқори бўлган 44 та саноат корхонасининг ифлослантириш манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича 69 та автомат стансияси ҳамда уларга туташ ҳудудларда 27 та кўчмас кузатиш пунктлари ўрнатилган.

Жорий йилда  147 та ишлаб чиқариш ва саноат корхоналаридаги 716 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналари таъмирланди ҳамда янгиланган. Натижада атмосферага 10 минг тоннадан ортиқ зарарли ташламалар чиқарилишининг олди олинган.

Шу билан бирга, фаолият олиб бораётган 14 та саноат корхонасида самарадорлиги 95 фоиздан кам бўлмаган, 12 та янги ташкил этилган корхонада эса 99,5 фоиздан кам бўлмаган 32 та чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган.

“Тоза ҳаво” тадбирлари доирасида 2 914 та автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилиши натижасида атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар 209,232 тоннага камайтирилган.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилда 217 млн туп кўчат экилган. Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 189 та саноат корхоналари атрофида 1 млн 730 минг туп кўчат экилиб, “яшил белбоғ”лар,  шунингдек,  196 та чиқинди полигонлари атрофида 135 минг туп дарахтлар экилиб, иҳота дарахтзорлар барпо қилинган.

Шу билан бирга,  шаҳарлар ва саноати ривожланган шаҳарларда майда дисперсли РМ10 – РМ2,5 зарраларни автоматик ўлчовчи асбоб-ускуналар ўрнатиш,  қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва саноат корхоналарининг чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлигини 99,5 фоизга етказиш чораларини кўриш лозимлиги қайд этилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.