Ўзбекистон Коррупцияни идрок этиш индексида уч поғона кўтарилди
Transparency International томонидан бугун эълон қилинган 2022 йил учун Коррупцияни идрок қилиш индекси (КИИ) дунёнинг аксарият давлатлари коррупцияга қарши курашишда ҳали ҳам муваффақиятга эриша олмаётганини кўрсатди: уларнинг 95 фоизи эса 2017 йилдан буён ҳеч қандай яхшиланишни кўрсатмаган.
Ўзбекистон 2021 йилга нисбатан 3 поғонага кўтарилиб, 180 та ўриндан 126-ўринни эгаллаган. Умуман олганда, мамлакат 100 баллдан 31 балл тўплаган.
“Индексда Ўзбекистоннинг рейтинги изчил ошиб бормоқда: 2013 йилдан буён у 14 поғонага ўсди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ўзининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, шаффофликни ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва мажбурий онлайн давлат харидлари платформасини ташкил этишга олиб келди. Бундай муҳим чора-тадбирларга қарамай, Ўзбекистон фаоллари ва фуқаролик жамияти аъзолари таъқибга учраган, сўроққа тутилган ва ишдан бўшатилган авторитар давлат бўлиб қолмоқда. Мамлакатда фуқаролик жамияти майдони кенгайтирилмагунча, коррупция билан боғлиқ муаммоларни тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди”, — дея таъкидлайди ташкилот.
180 та давлат ва ҳудудларни давлат секторидаги коррупция даражасига кўра таснифлайдиган КИИ нолдан 100 гача бўлган шкаладан фойдаланади, 0 даражаси коррупциянинг ўта юқори даражасини ва 100 эса коррупциянинг жуда паст даражасини билдиради.
КИИнинг глобал ўртача кўрсаткичи 43 баллни ташкил қилиб, кетма-кет ўн бир йил давомида ўзгармаяпти, мамлакатларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи коррупциянинг жиддий даражасини кўрсатиб, 50 баллдан пастроқ балл тўплаган.
Transparency International ҳукуматларни коррупцияга қарши курашиш, назорат ва мувозанатни мустаҳкамлаш, ахборот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва дунёни коррупция ва у келтириб чиқарадиган зўравонликдан ниҳоят халос қилиш учун шахсий манфаатлар таъсирини чеклаш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга устувор аҳамият беришга чақиради.
Шарҳлар