Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Россияга ҳарбийлар жўнатилиши ҳақидаги хабарларни рад этди

Фейковое видео из соцсетей. Фото: TikTok

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари ҳарбий техникаларда Россия Федерациясига ёрдам бериш учун полигон ҳудудида шай бўлиб тургани, аммо вазият ўзгаргани учун боришдан қолдирилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ушбу хабарларни рад этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода шу йилнинг март ойида Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган Ватанпарварлик фестивалига жалб этилган техникалар акс этган.

«Республикамиздаги барча электрон нашрлар ва блогерлардан маълумотларни нотўғри талқин қилмасликларини сўраймиз. Эслатиб ўтамиз, асосланмаган ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд», – дейилади хабарда.

Қайд этиб ўтамиз, 24 июнь куни эрталаб, Евгений Пригожин исёни бошлангандан сўнг, “Вагнер” ХҲК Ростов-Донни эгаллаб олди, бир гуруҳ ёлланма аскарлар Москвага йўл олди. Пойтахтдан бир неча юз километр масофада ёлланма аскарлар тўхтади. Александр Лукашенко билан музокаралардан сўнг Пригожин исённи тугатишга қарор қилди. 24 июнь куни “Вагнер” ХҲК асосчиси Евгений Пригожин Ростов-Дондан автомобилда жўнаб кетди – ўшандан бери у ҳеч қаерда кўринмаган. Қуролли исён уюштиргани учун унга қарши жиноят иши қўзғатилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.