Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва АҚШ марказий қўмондонлиги Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистонга АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Эрик Курилла (Michael Erik Kurilla) бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар беради, деб ёзади “Фергана” нашри.
13 июнь куни Америка делегациясини Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов қабул қилди. Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида йиғилиш бўлиб ўтди.
«Қабул давомида ҳар икки томон Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар тенглик, ишонч ва ҳурмат, ўзаро манфаатларни инобатга олиш каби принциплар асосида ривожланаётгани, стратегик шериклик даражасига етганлиги, тинчлик ва барқарорликка таҳдид ҳисобланган экстремизм, диний радикализм, халқаро терроризм ҳамда бошқа трансмиллий хавфларга қарши курашишда АҚШ билан мақсадлар бир эканлиги таъкидлаб ўтилди», — дейилади хабарда.
Делегациялар, шунингдек, икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, ҳарбий, ҳарбий-техникавий ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Майкл Эрик Курилла Ўзбекистон томонига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бир кун аввал Самарқандга ташрифидан катта таассурот олганини таъкидлади. Бу ерда унга кўпкари ва кураш кўрсатилган. АҚШ Марказий Қўмитаси раҳбари келгуси ташрифида бундай мусобақаларда иштирок этиш истагини билдирган.
Шарҳлар