Ўзбекистон Олий суди ўтган асрнинг 30-йилларида қатағон қилинган 208 кишини оқлади
Ўзбекистон Олий суди 30-йиллари қатағон қилинган 208 нафар шахсни реабилитация қилди. 19 апрель куни апелляция комиссиясининг тегишли мажлиси бўлиб ўтди, деб ёзади “Фергана” нашри Олий суд матбуот хизматига таянган ҳолда.
Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилган. Олий суд раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида мазкур ишлар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси («Реабилитация асослари») асосида 1930 ва 1931-йиллари судланган 208 нафар шахс тўлиқ оқланди.
Оқланганлар орасида асосан Ўзбекистоннинг Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида туғилганлар бор. Исмларнинг тўлиқ рўйхати Олий суд веб-сайтида эълон қилинган..
Матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши асосида эски жиноят ишларини кўриб чиқувчи ишчи гуруҳ ташкил этилган.
«Ишчи гуруҳнинг изчил фаолияти, кўламли саъй-ҳаракати туфайли сўнгги йилларда совет даврида қатағон қилинган 408 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди», — дейилади Олий суд хабарида.
2021 йил август ойида юздан ортиқ одам, жумладан, ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистондаги босмачиларнинг етакчиси ҳисобланган Иброҳимбек қўрбоши реабилитация қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Шарҳлар