Ўзбекистон қонун устуворлиги рейтингида 78-ўринни эгаллади
Ўзбекистон World Justice Project`нинг қонун устуворлиги бўйича йиллик рейтингида 142 давлат орасида 78-ўринни эгаллади. Рейтинг муаллифларининг фикрича, мамлакат ҳуқуқ тизимидаги энг ёмон ҳолат давлат ваколатларини чеклаш ва ҳокимиятнинг очиқ эмаслиги билан боғлиқ.
World Justice Project (WJP) халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан эълон қилинган қонун устуворлигининг навбатдаги йиллик рейтингида Ўзбекистон 142 та мамлакат орасида 78-ўринни эгаллади. Мамлакат ўтган йилги рейтингда худди шу ўринни эгаллаган, аммо унда рейтингда 140 та давлат қамраб олинганди.
100 баллдан 50 балл тўплаган Ўзбекистон Шри-Ланка (77-ўрин) ва Ҳиндистон (79-ўрин) орасида жойлашган.
Рейтингга киритилган МДҲ давлатларидан энг юқори ўринни Қозоғистон (65-ўрин), энг пастини эса Россия (113-ўрин) эгаллади. Қирғизистон 103-ўринда, Беларус эса 104-ўринга жойлашди.
Рўйхатнинг кучли бешлигидан Дания, Норвегия, Финляндия, Швеция ва Германия жой олган. Охирги ўринларни Венесуэла, Камбоджа, Афғонистон, Гаити ва Конго Демократик Республикаси эгаллаган.
WJP рейтинги фуқаролар, ҳуқуқшунослар ва юридик соҳасидаги экспертлар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида тузилади. Қонун устуворлигини ўлчаш учун саккизта омил қўлланилади: давлат ваколатларининг чекланиши, коррупция даражаси, ҳукуматнинг очиқлиги, фуқароларнинг асосий ҳуқуқларига риоя қилиш, тартиб ва хавфсизлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, фуқаролик ва жиноий ишлари.
Рейтинг муаллифларининг қайд этишича, қонун устуворлиги жаҳон миқёсида кетма-кет еттинчи йил пасаймоқда. 2016-йил билан таққослаганда, рецессия мамлакатларнинг 78 фоизини қамраб олди. Рейтинг тузувчиларнинг фикрича, қонун устуворлигининг заифлашувининг иккита асосий сабаби авторитаризмнинг кучайиши ва суд тизимининг заифлигидир.
«Дунё ижроия органларининг суиистеъмол қилиниши, инсон ҳуқуқларининг емирилиши ва одамларнинг эҳтиёжларини қондира олмайдиган чекланган адлия тизимлари билан тавсифланган қонун устуворлигининг таназзулига учраган. Бутун дунёдаги одамлар буни учун жабр чекмоқда», — деди WJP ҳаммуассиси ва президенти Уилям Нюкомб.
*Шарқий Европа ва Марказий Осиё ҳудудидаги қуйидаги мамлакатлари тадқиқотда қамраб олинган: Албания, Беларус, Босния ва Гертсеговина, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Косово, Молдова, Россия, Шимолий Македония, Сербия, Туркия, Ўзбекистон, Украина.
Ўзбекистон ўртачадан паст даражада бўлган давлат ва юрисдикция сифатида таснифланади. Ушбу гуруҳга қуйидаги 37 та давлат киради: Жазоир, Ангола, Бангладеш, Бенин, Боливия, Вьетнам, Гаити, Гана, Гондурас, Миср, Зимбабве, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Камбоджа, Камерун, Кения, Конго, Кот-д’Ивуар, Қирғизистон, Ливан , Мавритания, Марокаш, Мўғулистон, Мянма, Непал, Нигерия, Никарагуа, Покистон, Сальвадор, Сенегал, Танзания, Тунис, Ўзбекистон, Украина, Филиппин, Шри-Ланка.
Шарҳлар