Ўзбекистон Озарбайжон-Арманистон чегарасида тинчликка эришилгани ва кескинлик бартараф этилганини олқишлайди
Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилувчи мамлакат сифатида Озарбайжон-Арманистон чегарасида тинчликка эришилгани ва кескинлик бартараф этилганини олқишлайди. Бу ҳақда ташқи сиёсий идоранинг хабарида айтилади.
“Ўзбекистоннинг ишончи комилки, барча масалалар ва мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг ягона тўғри йўли бу халқаро ҳуқуқ асосида ва илгари эришилган келишувлар доирасида тинчлик музокаралари ва маслаҳатлашувлар йўлидир. Биз тинчлик шартларига қатъий риоя қилиниши, ҳар қандай шароитда ҳам вазминликнинг намоён бўлишига умид қиламиз ҳамда томонларни мавжуд аҳволни барқарорлаштириш, вазиятдан чиқиш учун сиёсий ва дипломатик музокаралар олиб боришга даъват этамиз”.
“Медуза” нашрининг ёзишича, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар бўлиб ўтган. Арманистон Мудофаа вазирлиги соат 00:05 да Озарбайжон армияси артиллериядан, жумладан, йирик калибрли қуроллардан, шунингдек, учувчисиз учоқлардан кучли ўққа тутганини маълум қилган.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, тўқнашувлар олдидан Арманистон томонидан “кенг кўламли провокация” содир бўлганини айтади. Ушбу идоранинг таъкидлашича, кечаси арман қўпорувчилик гуруҳлари Озарбайжон армияси позициялари ва таъминот йўллари ўртасидаги ҳудудни миналаштирган. Бундан ташқари, позициялар турли қуроллардан, жумладан, миномётлардан ўққа тутилган.
Бунга жавобан Озарбайжон қуролли кучлари “тўқнашувлар кўламининг кенгайишига йўл қўймаслик учун душманнинг ўқ отиш нуқталарини бостиришни бошлади”, — дейилади Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг баёнотида.
Жангларда 49 нафар арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди, – дейди Арманистон бош вазири Никол Пашинян. Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч нафар тинч аҳолининг жароҳатланганини маълум қилади. Озарбайжоннинг Trend ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Арманистон армиясининг йўқотишлари 150 дан 200 кишигача ҳалок бўлганлар ва юзлаб яраланганлардан иборат. Озарбайжон ҳам ўз томонидаги йўқотишларни тан олди, аммо улар нимадан иборат эканига аниқлик киритмади.
Арманистон Россиядан ёрдам сўради. У Москвага Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома қоидаларини қўллашни сўраб, шунингдек, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатларга мурожаат қилди. Арманистон мудофаа вазири Сурен Папикян Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан телефон орқали мулоқот қилди. Улар “вазиятни барқарорлаштириш йўлида зарур чораларни кўриш бўйича келишувга эришдилар”, — дейди Арманистон Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати.
Россия ташқи ишлар вазирлиги “вазиятнинг кескинлашувидан ўта хавотир” билдирди ва можаро томонларини кейинги кескинлашувдан тийилишга чақирди. Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазиятни тартибга солиш учун “экспертлар даражасида жадал иш” олиб борилаётганини айтди.
КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдиновнинг айтишича, ташкилот куч ишлатишни номақбул деб ҳисоблайди ва «қарама-қаршиликларни сиёсий ва дипломатик усуллар ёрдамида ҳал қилишга» чақирди.
Сентябрь ойи бошидан бери Озарбайжон деярли ҳар куни Арманистонни ўққа тутишда айблаб келмоқда. Бундай хабарлар Озарбайжон Мудофаа вазирлиги томонидан тарқатилган. Унда таъкидланишича, барча ҳолатларда Озарбайжон армияси бўлинмалари “адекват жавоб чораларини” кўрган – бу қандай чоралар эканига аниқлик киритилмаган. Ўз навбатида, Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжоннинг бундай баёнотларига “бу дезинформация” деган жавобни қайтарган. 13 сентябрь куни Арманистон бу “провокацияни амалга ошириш учун ахборот замини”ни тайёрлаш бўлиши мумкинлигини билдирди.
13 сентябрь куни кечқурун Арманистон ва Озарбайжон яна бир-бирини ўққа тутганликда айблади. Шу билан бирга, Арманистон Мудофаа вазирлиги уларнинг жадаллиги «сезиларли даражада заифлашгани» ҳақида хабар беради. Озарбайжон эса “Арманистон чегарада артиллерия ва бошқа оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда сулҳни жадал равишда бузмоқда”, дея даъво қилмоқда.
Шарҳлар