Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонда ҳавонинг кескин совиб кетиши пиёз ҳосили нобуд бўлишига олиб келиши мумкин
EastFruit нашри экспертлари айни пайтда энг йирик пиёз экспортчилари ҳисобланган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларида об-ҳаво кескин совиб кетиши ҳақидаги прогнозларга эътибор қаратди.
Бу ушбу мамлакатларнинг жанубий қисмларида март ойидаёқ йиғим-терими бошланадиган пиёз ҳосилига, шунингдек, карам ва сабзи каби бошқа сабзавотлар ҳосилларига ҳам хавф солади. Бундан ташқари, данакли мевалар ва ёнғоқлар ҳам хавф остида қолади.
Мева-сабзавот бизнеси бўйича халқаро эксперт Бахтиёр Абдувоҳидов сўзларига кўра, минтақада сўнгги вақтларда об-ҳаво жуда илиқ бўлиб, кундузи ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 20 даражадан ошган. Натижада кўпчилик ҳудудларда бодом гуллашни бошлаган ва бошқа мевали дарахтлар куртак очган.
Аммо яқин кунларда Тожикистоннинг ҳатто жанубий ҳудудларида ҳам ҳаво минус 7—10 даражагача совиб кетиши кутилмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистонда эса тунги вақтда минус 12—13 даражагача совиб, кундуз куни ҳам аёз сақланиши айтилмоқда. Пиёз эса аллақачон униб чиққан, бу эса ҳосилнинг бир қисми нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Аммо ҳалигача ҳатто иситилмайдиган омборларда сақланаётган пиёзларга зарар етмаслиги тахмин қилинмоқда.
Шарҳлар