Ўзбекистон-Қозоғистон ўзаро савдо ҳажмини оширмоқчи

5-январ куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб ёзмоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашув давомида Қозоғистон Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида имзоланган сармоявий битимлар ва савдо шартномаларини амалга ошириш “Йўл харитаси” бўйича амалда олиб борилаётган ишлар, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва саноат кооперациясини янада ривожлантириш истиқболлари ва жорий лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

“Ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши таъкидлаб ўтилди. Шундай қилиб, сўнгги 6 йил ичида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,5 баробар ошиб, 2016-йилдаги 1,9 миллиард доллар 2023-йилда 4,6 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган ҳолда, томонлар яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширишни келишиб олдилар. Хусусан, ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича қўшма Ишчи гуруҳ тузиш масаласи келишиб олинди. Томонлар, шунингдек, икки мамлакат бозорларида кенг турдаги товарларни сотиш учун онлайн савдо майдончасини ўз ичига олган УзКазТраде қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар”, – дейилади хабарда.

“Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро маркази фаолиятини ташкил этишнинг амалий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда саноат кооперациясини ривожлантириш юзасидан конструктив фикр алмашилди. Марказни ташкил этиш ва фойдаланишга топширишни жадаллаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якуни бўйича томонлар икки томонлама кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш тарафдори эканликларини тасдиқладилар ва эришилган келишувларни жадал амалга ошириш бўйича масъул раҳбарларга топшириқлар бердилар.

Шу куни Қозоғистон делегацияси айни пайтда юқори технологияли, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришлар яратишга қаратилган йигирмага яқин лойиҳани бирлаштирган Тошкент технопаркида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва технологик салоҳият билан танишди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.