«Ўзбекистон почтаси» ребрендингни амалга оширди
«Oʻzbekiston pochtasi» Акциядорлик жамияти ребрендингни амалга оширди. Энди бу янги логотип ва рангларга эга Uzpost компанияси.
«Янги ранглар – “олов ранг” ва “тўқ кўк”- илиқлик, қувонч, энергия, меҳрибонлик, ишончлилик ва профессионализм рамзини ифодалайди. Янги логотипда акс эттирилган ҳумо қуши эса, доимий ҳаракат, логистика ва “Uzpost”нинг динамик ривожланишини билдиради. Логотип қанотида почта йўлларининг рамзи бўлган учта чизиқни кўриш мумкин, бош томондаги “тасдиқ” белгиси эса муваффақиятли етказиб берилган почта ва бажарилган вазифаларни англатади», – дейилади компания пресс-релизида.
2021 йил охирига қадар тўлиқ ишга тушириладиган ушбу янги тизим жараёнларни оптимизация қилишга, почта жўнатмаларини расмийлаштириш босқичларини қисқартиришга ёрдам бериши керак.
«Эндиликда “Ўзбекистон почтаси” мижозлари ўз уйларидан чиқмасдан туриб ўз жўнатмаларини веб сайт, мобил илова ёки телеграм бот орқали расмийлаштиришлари мумкин. ID-код олган мижоз ўзига яқин почта бўлимига келади ва уни кўрсатган ҳолда, оператор мижоз томонидан олдинроқ киритилган маълумотлар билан тизим орқали танишиб, жўнатмани расмийлаштиради».
Мижозлар янги тизим орқали улар онлайн тарзда ўзларининг жўнатмаларини кузатиб боришлари мумкин.
“Ўзбекистон почтаси” АЖ автопарки ва инфратузилмаси ҳам янгиланиб, компания томонидан 27 та Damas, 75 та кичик Caddy, 4 та катта ISUZU ва 2 та юк ортувчи Gazel автотранспортлари ҳамда 417 та электроскутер ва 200 та велосипедлари харид қилинди. Шунингдек, 15 фоиз почта бўлинмалари қайта таъмирланди ва қолган барча бўлинмалар ҳам босқичма-босқич равишда таъмирланмоқда.
«Почта бўлинмаларида янги компютер техникалари, тўловни қабул қилишнинг мобил қурилмалари тақдим этилди. Янги форматдаги ва янги дизайндаги пилот бўлинмалар очилди, келгусида уларнинг андозаси бўйича мамлакат бўйлаб барча почта бўлинмалари янгиланади. Шунингдек, компания автоматлаштирилган мажмуалар – почтоматларни ҳам жорий қилди. Улар орқали мижозлар ўз жўнатмаларини ўзлари олишлари мумкин бўлади. Бугунга келиб республика бўйлаб 30 та почтомат ўрнатилган».
Кейинги йил бошида “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан Тошкент, Бухоро, Хоразм ва Асака шаҳарларида 4 та фулфилмент марказлари ишга туширилади. 2025 йилгача мамлакат бўйлаб автоматлаштирилган фулфилмент марказлари сони 30 тагача етказилиши режалаштирилган.
Шарҳлар