Ўзбекистон президенти 2025 йилни Бутунжаҳон инклюзив туризм йили деб эълон қилишга чақирди

Фото: president.uz

Ўзбекистон президенти 16 октябрь куни Самарқанд шаҳрида 20 октябрь кунига қадар давом этадиган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилиш маросимида иштирок этди.

Имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш ва инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон президенти 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш мақсадида давлатимиз раҳбари БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган даврда “яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарблиги кўрсатиб ўтилди.

у борадаги амалий қадамлар сифатида ЮНВТО доирасида “Яшил” туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар” номинациясини таъсис этиш, шунингдек, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро университети ҳамкорлигида Глобал “яшил” туризм стартаплари лабораториясини яратиш таклиф қилинди.

«ЮНВТО доирасида тарихий ёдгорликларни асраш бўйича энг илғор тажрибалар билан алмашиш учун платформа – Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Ўзбекистон кенгашнинг биринчи йиғилишини Бухоро шаҳрида ташкил этишга тайёрлиги қайд этилди», – дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Мамлакат етакчиси яқинда Самарқандда очилган туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ЮНВТО Халқаро туризм академиясида мутахассисларни ўқитиш учун махсус грантлар ажратилишини эълон қилди.

Ўзбекистон раҳбари ёшлар учун сайёҳликни ривожлантириш лойиҳалари ҳамда янги ғояларни яратишда муҳим ва фойдали майдонга айланадиган Жаҳон ёшлар туризми саммитининг навбатдагисини Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф этди.

“Ипак йўли” брендини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ЮНВТО махсус халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббуси билдирилди. Ушбу режани амалга ошириш билан Самарқандда очилган “Ипак йўлида туризм” тематик офиси фаол шуғулланади.

Глобал медиа кампусини таъсис этиш ва унинг форумларини ҳар икки йилда бир марта Бош Ассамблея сессиялари доирасида ўтказиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Биринчи медиа кампусини Ўзбекистонда қабул қилишга тайёрлик билдирилди.

Давлат раҳбари делегатларни Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилишга доир ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.

ЮНВТО Бош котиби, Ўзбекистон президенти ва Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳоқаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири. Фотосурат: president.uz

Сессия дастури доирасида Ўзбекистон президенти иштирокида Самарқанд шаҳрига “Жаҳон маданий туризм пойтахти” мақомини бериш тўғрисидаги декларация ҳамда Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисидаги келишув қабул қилинди.

Ҳужжатларни Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ҳамда ЮНВТО Бош котиби имзолади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.