,

Ўзбекистон президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисини Миср президенти сайловларидаги ғалабаси билан табриклади

Президенты Узбекистана и Египта
Фото: president.uz

21 декабрь куни Ўзбекистон президенти Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан телефон орқали мулоқотда уни президентлик сайловларида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий қутлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

 «Сайловчиларнинг фаол иштироки ва овоз бериш натижалари дўст Миср халқи амалдаги давлат раҳбарининг сиёсати ва ислоҳотлар дастурини кенг қўллаб-қувватлаётганидан далолат экани қайд этилди», – дейилади хабарда.

Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларини ўтказиш келишиб олинди. Халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мисрнинг амалдаги раҳбари Абдулфаттоҳ ас-Сиси мамлакатдаги президентлик сайловларида 89,6 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

Мисрда президентлик сайловлари 10-12 декабрь кунлари бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 66,8 фоизи овоз беришда қатнашган.

Сайловда Абдулфаттоҳ ас-Сисидан ташқари яна уч номзод: Социал-демократик партия етакчиси Фарид Захрон, либерал «Вафд» партиясининг раҳбари Абдул Санада Ямама ва Республикачилар халқ партиясининг етакчиси Ҳазим Умар иштирок этган. Reuters агентлигининг қайд этишича, ас-Сисининг рақибларидан ҳеч бирини таниқли сиёсатчи деб атаб бўлмайди.

Абдулфаттоҳ ас-Сиси 2014 йилдан буён Миср президенти лавозимида фаолият кўрсатади. Ундан олдинги президент Муҳаммад Мурсий 2013 йил июнь ойида ўша пайтда мудофаа вазири бўлган ас-Сиси томонидан уюштирилган ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимиятдан ағдарилган эди.

Абдулфаттоҳ ас-Сиси дастлаб тўрт йиллик президентлик муддатига сайланган, кейин эса 2018 йилда қайта сайланган. 2019 йилда Миср Конституциясига президентлик муддатини олти йилга узайтириш бўйича тузатишлар киритилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.