Ўзбекистон президенти Афғонистон муваққат ҳукуматини террорчи ташкилотлар билан алоқаларни узишга чақирди
Ўзбекистон президенти Афғонистон муваққат ҳукуматини халқаро террорчи ташкилотлар билан алоқаларни узишга чақирди. Бу сешанба куни Тошкентда очилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига йўлланган мурожаатда айтилади, дея хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
«Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз. Бу муваққат ҳукуматга ишончнинг мустаҳкамланишига олиб келади, Афғонистон учун ён атрофдаги давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик муҳитида барқарор тараққий этиш бўйича аниқ истиқболларни очади», – дейди давлат раҳбари.
Қайд этиб ўтамиз, анжуманда 20 дан ортиқ давлатдан, шунингдек, етакчи халқаро тузилмалар – БМТ, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа ташкилотлардан 100 дан ортиқ иштирокчилар иштирок этмоқда. Афғонистон муваққат ҳукумати делегациясига мамлакат ташқи ишлар вазири в.б. Амирхон Муттакий бошчилик қилмоқда.
Шарҳлар